...
МЕНЮ
ONLINE TV

Хорижга кетяпсизми? Аэропорт божхона назоратидан қандай ўтишни биласизми?


16:26, 14.04.2017 Бу қизиқ
 3 578

Одатда йўловчиларнинг қўл юклари билан боғлиқ масалаларда муаммолар юзага келади.

Кунлар илиб, қуёш заррин нурлари билан кўзларни қувонтираётган айни кунларда саёҳат мавсуми ҳам бошланмоқда. Одатда инсонлар ёзнинг иссиқ кунларида денгиз бўйига бориб дам олишни маъқул кўришади. Балки сиз ҳам яқин орада чет элга саёҳат қилишни ёки хизмат сафари билан бошқа мамлакатга боришни режалаштираётгандирсиз?! Ўзингиз билан нималарни олиб кетишингиз мумкинлигини биласизми? Бугун ана шу каби юк мавзусига оид саволларга жавоб берамиз.
 
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Ўзбекистондаги ягона авиахизматларни кўрсатувчи корхона ҳисобланади. Компания парвоз вақтида йўловчиларнинг юклари тўғрисида аниқ қоидалар белгилаган. Ҳар бир йўловчи бепул юк олиб ўтишга ҳақли. Бу эса парвоз йўналиши ва хизмат кўрсатиш синфига қараб белгиланади.
 
“Бизнес класс” йўловчилари уч карра ўлчаш тизимида 115 сантиметрдан катта бўлмаган ҳажмдаги ва оғирлиги 10 килограммгача бўлган қўл юкини ўзи билан самолёт бортига олиб кириши мумкин. “Эконом класс” йўловчилари учун эса қўл юкининг оғирлиги 8 килограммдан ошмаслиги зарур.
 
Йўловчи парвоз вақтида ўзи билан қуйидаги буюмларни олиб ўтиши мумкин:
 
- Кичик ҳажмдаги портатив техника (оғирлиги 2 килограммдан ошмаслиги зарур) – фотоаппарат, видеокамера, планшет, ноутбук, мобил телефон.
 
- Парвоз вақтида болага зарур бўлган озуқа
 
- Имконияти чекланган кишилар учун ҳасса
 
- Пальтога ўхшаш устки кийим
 
- Duty Free дўконларидан сотиб олинган предметлар
 
Самолёт бортига чиқишдан аввал юкхонага топшириладиган юклар бўйича чекловлар бор. Унга кўра, авиакомпания томонидан белгиланган юк ҳажмига мос келмайдиган предметлар; самолёт, йўловчилар учун хавфли бўлган буюмлар; кесувчи, тез ёнувчан ва кимёвий моддаларни олиб ўтиш мумкин эмас.
 
Одатда йўловчиларнинг қўл юклари билан боғлиқ масалаларда муаммолар юзага келади. Ўзбекистон Республикаси аэропортидан учиб кетадиган йўловчилар баъзан хорижга озиқ-овқат маҳсулотлари, эсдалик буюмлари, қолаверса, гулдаста олиб кетишни истайдилар. Бу борада ҳам аниқ қоидалар белгиланган. Мавжуд тартибга кўра, йўловчи бир дона гулдастани олиб ўтишга ҳақли.
 
Йўловчининг қўл юки орасида суюқлик бўлса, унинг ҳажми 100 мл бўлиши лозим. Ҳаттоки, 100 миллилитрдан ортиқ ҳажмдаги идишга солинган оз миқдордаги суюқликни олиб ўтишга рухсат этилмайди. Суюқлик солинган идиш 1 литр ҳажмидаги шаффоф пластик пакетга ўралиши лозим. Ҳар бир йўловчига фақат 1 дона пакет берилади.
 
Бунда болалар озуқаси, сути ёки дори воситалари истисно сифатида ўтказилиши мумкин. Дори воситалари учун махсус рецепт қоғозига йўловчининг исм-шарифи қўниш талони билан бир хилда ёзилган бўлиши керак.
 
Суюқлик дейилганда, сув ва бошқа ичимликлар, шўрва, сироп, шинни, соус ва пасталар, крем, лосьон, косметик воситалар ва ёғлар, атир, спрей, соч ва тана учун гель, соқол олиш учун кўпик, дезодорант, тиш пастаси, киприк учун тушь, суюқ кўринишдаги лаб бўёғи каби предметлар тушунилади. (Буларнинг ҳажми 100 миллилитрдан ошмаслиги керак)
 
Ўзбекистон Республикаси аэропортидан Россия, Хитой, Туркия, Дубай, Буюк Британия, АҚШ, Германия каби мамлакатларга парвоз қилувчилар сони кўпчиликни ташкил қилади. Айрим давлатларга маълум турдаги предметларни ёки маҳсулотларни олиб бориш мумкин эмас.
 
Россия Федерацияси
 
Россия Федерацияси қонунчилиги бўйича Ўзбекистондан Россияга сабзавот маҳсулотларини олиб кетиш вақтинча тўхтатилди. Бундай маҳсулотлар қаторига мева ва сабзавотлар, қуруқ мевалар, ёнғоқ ва зираворлар киради.
 
Хитой
 
Хитой ҳукуматининг талабларига биноан, Пекин ва Урумчи шаҳарларига парвоз қилувчи йўловчилар ўзлари билан таркибида ўсимлик ёки ҳайвонларга оид маҳсулотлар, буюмларни олиб кетишлари тақиқланади. Бу талаб бузилган тақдирда, 50 минг юань миқдорда жарима ундирилади.
 
Хитойга психотроп модда ҳисобланган KHAT(Кат) моддасини олиб ўтиш мумкин эмас. Бу тақиқ Буюк Британияга учадиган йўловчиларга ҳам тааллуқли.
 
20 августдан эътиборан Урумчига парвоз қилувчи йўловчилар учун янги тартиб амал қилмоқда. Унга кўра, бир юкнинг оғирлиги 35 килограммдан ошмаслиги, ҳажми эса 1мХ60смХ40 см бўлиши лозим. Электрон ускуналар – маиший техника, автоқисмлар ва бошқа металл буюмлар юк сифатида расмийлаштирилиши лозим.
 
Корея Республикаси
 
Корея Республикасининг карантин хизмати талабига кўра, 27 июндан Корея ҳудудига қовун ва мева маҳсулотлари олиб кириш мумкин эмас. Эбола вирусининг хавфи туфайли мамлакатга Африка жониворларини ҳам олиб кириш тақиқланган.
 
Материални “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК
маълумотлар базасидан фойдаланган
ҳолда Дурдона Расулова тайёрлади.

Теглар:Ўзбекистон Ўзбекистон ҳаво йўллари Парвоз қоидалари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!