...
МЕНЮ
ONLINE TV

Андижон масъулларининг совуққонлиги 50 кишининг ишсиз қолишига сабаб бўлди


15:57, 14.07.2017 Жамият
 7 275

Асака туман масъулларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлмоқда.

“Qalampir.uz” таҳририятига келиб тушган мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Уларни саралаб, сайт саҳифаларида эълон қилишни давом эттирамиз.
 
“Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Каримовнинг 2003 йил 5 майдаги 109-сонли қарорига мувофиқ, туманимизга тегишли бўлган ҳудудни белгиланган тартибда хусусийлаштириб, тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқдаман. Мазкур ҳудудда шахсан ўз ташаббусим билан ташкил этилган “Асака ёғочни қайта ишлаш” МЧЖ корхонасида эшик-ром, мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Натижада тумандаги 50 дан зиёд одамни иш билан таъминладим. 
 
Аммо мана икки йилдирки, корхона жойлашган 0.60 га майдон ҳудуди ноқонуний равишда бошқа шахсга сотиб юборилгани сабаб иш жараёни тўхтаб, одамлар ишсиз қолди. Туман раҳбарлигининг масъул ходимлари томонидан амалга оширилган кимошди савдосининг қалбаки ҳужжатлари асосида ҳудудни Б.Каримов деган шахс эгаллаб олган. Ҳозир ер майдони қаровсиз ҳолатда ётибди. Адолат қарор топиши учун вилоят прокуратурасига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига бир неча марта мурожаат қилдим. Лекин улардан тайинли бир жавоб ололмагач, “Qalampir” таҳририятига мурожаат этмоқдаман.
 
Тадбиркорлик фаолиятимни давом эттиришим учун корхонага тегишли бўлган ҳудудни ноқонуний ўзлаштириб олганлардан қайтариб олишимда менга ёрдам беришингизни сўрайман”, деб ёзади Андижон вилояти, Асака тумани, Навкан кўчаси, 5-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Дилшод Ҳусанбоев. Баъзи маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида шикоят муаллифи билан телефон орқали боғландик. Унинг таъкидлашича, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига қилган мурожаатлари сан-салорлик билан вилоят раҳбарлигига қайта жўнатилган. Натижада тадбиркорнинг тақдири ноқонуний равишда кимошди савдосини уюштирган масъуллар қўлига келиб тушган. Ўз-ўзидан аёнки, муаммонинг ечими янада чигаллашиб бораверган. Телефон сўзлашувидан маълум бўлишича, Д.Ҳусанбоев айни пайтларда Тошкентга ушбу масалани ҳал этиш учун келган.
 
Баъзи раҳбар ходимлар фаолиятида учраб турадиган бюрократия ва коррупцияга мойиллик оқибатида бир муаммо икки йилдан бери ўз ечимини кутмоқда. Вилоят прокуратура ходимларининг ўз ишига совуққон муносабати туманда ишсизлар сони ортишига сабаб бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан таҳририят ўз ваколати доирасида тегишли мутасадди ташкилотларга “очиқ хат” билан мурожаат этиб, жавоб кутиб қолади.
Муҳайё Саидова

Теглар:Андижон Мурожаат Бош прокуратура 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Алишер.Избоскан.Мойгир кишлогидан
15:50 15.07.2017

Ассалому алайкум калампир.уз сизлардан илтимос бизнинг Андижон вилояти Избоскан тумани Мойгир кишлогини хам яъни ичимлик сувлари хакида ёзмокдаман 2 йил олдин вада беришган эди.кишлокда олдин 90 чи йилларда грантлардан сувлар чикар эди кучаларда.хозир тухтатиб куйишган,сув чикариш маторларини угирлаб талон тарож килишиб сотиб юборишган.Сизлардан илтимос хозирча изох сифатида колдирдим бир куриб чиксангизлар.олдиндан рахмат.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар