Суд таркиби ва тарафлар кесилишга ҳаракат бўлган, деб ҳисобланаётган дарахт диққат билан кўздан кечирилди.
Дастлабки тергов органи томонидан уч нафар фарзанднинг онаси Дилором Додаматова ва Фарҳод Авезов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198-моддасининг 2-қисми билан билан айбланган.
Бунга уларнинг Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек қўрғонидаги 16-уйнинг олдидаги икки туб чинор дарахтини тегишли рухсатсиз кесиб, ўсимликлар дунёсига кўп миқдорда моддий зарар етказгани ҳамда яна бир туб дарахтни кесишга ҳаракат қилгани сабаб бўлган.
Айбловга Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг икки туб чинорни ноқонуний кесиш оқибатида 38 миллион 417 минг сўмлик моддий зарар етказилгани, агарда яна бир туп чинор кесилганда 14,8 миллион сўмлик моддий зарар етказилиши мумкинлиги ҳақидаги хулосаси асос бўлган.
Судланувчи Д.Додаматова кўп қаватли уйда уй бошлиғи бўлгани учун Ф. Авезов унга мурожаат қилиб, икки туп чинор ўсиб канализация қувурини кўтариб юборгани учун уни кесишни сўраган. Уй бошлиғи рози бўлгач, чинорлар кесилган. Бунинг эвазига олинган 500 минг сўм пул маҳаллада Наврўз байрамида ҳалим қилиш учун ишлатилган.
Суд жараёнида айбланувчилар дарахтни бесабаб кесмаганликлари, лекин шунга қарамай бундан пушаймон эканликларини билдирди. Аммо улар бошқа яна бир дарахтни кесишга ҳаракат қилмагани, унда ҳосил бўлган кесилганга ўхшаган излар бир неча йил аввал кир ёйиш мақсадида боғланган сим туфайли ҳосил бўлганини маълум қилишди.
Судланувчиларнинг важларини текшириш мақсадида суд ишни сайёр суд тартибида жойга чиқиб атрофлича кўриб чиқди.
Судда гувоҳлар уй олдидаги кесилган чинорлар кўп қаватли уй сувоқава қувурларини бекитиб қўйгани сабабли кесилганини, бунга шу уйда яшовчиларнинг ҳеч бири қарши бўлмаганини, яна бир дарахтда ҳосил бўлган излар 20 йил олдин кир қуритиш мақсадида боғланган сим туфайли ҳосил бўлганини тасдиқлади.
Суд таркиби ва тарафлар кесилишга ҳаракат бўлган, деб ҳисобланаётган дарахт диққат билан кўздан кечирилди. Ҳақиқатан ҳам дарахтдаги излар унга боғланган темир сим туфайли ҳосил бўлгани, симнинг маълум қисми ҳозир ҳам чиқиб тургани, бошқа излар йўқлиги аниқланди.
Бу ҳолат судланувчиларнинг ушбу дарахт кесилмагани ва судланувчиларга тергов органи томонидан бу айб тахминларга асосланган ҳолда эълон қилинганини кўрсатди.
Қонунга зид равишда икки туб дарахтни кесишдан келган моддий зарар суммаси кўп миқдор бўлмаслиги сабабли бу ҳолат Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят таркибини ташкил этмайди.
Суд барча далилларни тўла ва холисона текшириб судланувчиларни айбсиз, деб топиш, яъни оқлаш ҳамда реабилитация қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Шу билан бирга суд Д.Додаметова ва Ф.Авезовларни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳамда етказилган моддий зарарни ундириш учун тегишли ҳужжатларни Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига юборди.