Ички ишлар вазирлиги йўл қоидаларини сурункали равишда бузиб келаётган ҳайдовчилар рўйхатини эълон қилди.
Бу галги “рейтинг”да пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган “Gold Air Travel” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Malibu русумли, давлат рақам белгиси 01 216 WDА бўлган транспорт воситаси ҳайдовчиси “Ғолиб” деб топилди. У ўз бошқарувидаги автомашинада кўп эмас, оз эмас – жами 17 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузишга “жазм” этди. Ушбу қоидабузарликларнинг 16 таси белгиланган ҳаракатланиш тезлиги талабларига бўйсунмаслик, 1 таси светофорнинг тақиқловчи ишорасида маракатланиш ҳолатларидир. Табиийки, қоидабузарликлар учун жарималар миқдори ҳам “салмоқли” бўлди – 8 миллион 87 минг 850 сўм!
“Иккинчи ўрин”ни Юнусобод туманидаги “Bilol Myagkaya krovlya” корхонасига тегишли Lacetti русумли (давлат рақам белгиси 01 305 YDА) автомашина ҳайдовчиси “эгаллади”. У қоидабузарликлари туфайли 13 марта кузатув камераларига тушган. Жумладан, манзилга жудаям ошиққан шекилли, 11 марта тезликни белгиланган меъёрдан оширган, 2 мартасида светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунишни хоҳламаган. Умумий жарима миқдори эса 2 миллион 845 минг 725 сўмни ташкил этган.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Маъмурий бинолардан фойдаланиш дирекциясига тегишли Epica русумли автоулов ҳайдовчисига ҳам совринли ўрин “насиб” этди. Ҳайдовчи давлат рақам белгиси 01 206 TВА бўлган мазкур транспорт воситасини бошқараётиб, “бор-йўғи” 12 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузди ва шубҳасиз видеокамералар нигоҳидан четда қолмади. Айтганча, Epica ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи ишорасини хуш кўрмайдиёв. Акс ҳолда, чорраҳаларда 7 марта “қизил”да ўтмасди.
Учинчи ўрин “соҳиби” энди қайд этилган қоидабузарликлар учун 2 миллион 845 минг 725 сўм миқдорида жарима тўлайди. Олмазор туманидаги “Orange taxi” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Nexia русумли (давлат рақам белгиси 01 270 TТС) автомобиль ҳайдовчиси “рейтинг”нинг кейинги ўрнини банд этди. Негаки, “кўрсаткичлари” ёмон эмас – у кузатув камералари ишга тушганидан буён 11 марта қоидабузарликларни содир этган. Бундай “натижа”га эришиш осон бўлмаса керак, нима дедингиз...
Дарвоқе, юқоридаги қоидабузарликлар учун жарималар миқдори – 2 миллион 96 минг 850 сўм.
Ва ниҳоят, сўнгги – бешинчи ўрин “соҳиби” билан танишинг. Сергели туманида жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Global Building Machinery” корхонасининг Malibu русумли (давлат рақам белгиси 01 077 VDА) автомашинаси ҳайдовчиси 9 марта кузатув камераларига “суратга тушиш” билан ана шундай шарафга “муяссар” бўлди. У шундан 8 мартасида белгиланган тезлик талабларига амал қилмаган. Бир ҳолатда эса светофорнинг қизил чироғини “кўрмай қолган”. Унга 2 миллион 695 минг 950 сўмлик жарима солинган.