“Арсенал” клубининг 30 фоиз акцияларига эгалик қиладиган Алишер Усмонов “Андерлехт” клубини тўлиқ сотиб олиши мумкин.
Маълум бўлишича, “Андерлехт” клубини сотиб олиш бўйича келишув 80 миллион еврога тушиши мумкин экан.
“Андерлехт” клубини харид қилиш учун даъвогарлар рўйхатида Усмоновдан ташқари яна икки бельгиялик — Пол Гейзенс ва Воутер Ванденхаут каби бизнесменлар ҳам ўрин эгаллашган.
Таъкидлаш жоизки, Пол Гейзенс ва Воутер Ванденхаут биргаликда бир компанияда фаолият олиб боришади.
Бельгия клуби раҳбарияти айни пайтда Усмонов ва Гейзенс-Ванденхаутлар билан клуб акциялари сотуви борасида музокаралар ўтказиб келишмоқда.
Ҳозирча қайси томон билан кўпроқ музокаралар ўтказилаётгани сир тутилмоқда.
Маълумот учун, Алишер Усмонов Англиянинг “Арсенал” клубининг 30 фоиз акцияларига хўжайинлик қилади.
Шунингдек, Усмонов Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасини тўлиқ сотиб олгани ҳақида аввалроқ тахминлар кезиб юрганди. Бироқ ушбу хабарлар якунда ўз тасдиғини топмаган.
Гейзенс-Ванденхаут жуфтлиги Бельгия чемпионатининг яна бир иштирокчиси “Антверпен” клуби акцияларига тўлиқ эгалик қилишади.
Маълумот ўрнида “Андерлехт” 2016–2017 йил мавсумида Бельгия чемпиони бўлган. Ҳозирда Европа чемпионлар лигасида иштирок этмоқда.
Шунингдек, УЕФА рейтингида 32-ўринни эгаллаб турибди. Жамоага 1908 йилнинг 27 май куни асос солинган бўлиб, “Андерлехт”нинг ташкил топганига 109 йил тўлди.