Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига қилган давлат ташрифи доирасида Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам қатор ҳужжатлар имзоланди.
Шавкат Мирзиёевнинг Президент сифатидаги Россия Федерациясига бўлган илк давлат ташрифида унга қатор вазирлик ва идоралар, компаниялар раҳбарлари ҳамроҳлик қилдилар. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳам бор.
Вазир Алишер Шодмонов бўлиб ўтган учрашувлар ва унда имзоланган ҳужжатларнинг аҳамияти ҳақида шундай дейди.
Алишер Шодмонов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Замонавий тиббиёт ютуқларидан фойдаланиш, тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи давомида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам бир қанча истиқболли келишувларга эришилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида икки мамлакат етакчи тиббий ва илмий-тадқиқот марказларининг ўзаро алоқаларни кенгайтириш, мутахассислар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, тажриба алмашиш, шунингдек, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи тиббий марказлари филиаллари ва ваколатхоналарини очиш бўйича 13 шартнома имзоланди.
Шартномаларга мувофиқ мамлакатимиз тиббиёт соҳаси вакиллари Россиянинг ривожланган тиббиёт муассасаларида малака оширади, россиялик етакчи мутахассислар Ўзбекистонда беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш ишларида қатнашади ва ҳамкорликда бошқа тадбирлар амалга оширилади.