...
МЕНЮ
ONLINE TV

Алишер Шодмонов Москва шаҳридаги халқаро конференцияда иштирок этмоқда


18:39, 16.11.2017 Жамият
 2 279

ОИВ инфекциясини даволаш ва олдини олиш бўйича Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Тошкентда халқаро анжуман ўтказиш таклифи ўртага ташланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Москва шаҳрида ўтказилаётган “Барқарор тараққиёт даврида силни тўхтатиш: кўп тармоқли ёндашув” мавзусида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) вазирликлар даражасидаги биринчи халқаро глобал конференциясида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ахборот хизмати таҳририятимизга юборган хабар орқали маълум қилган.
 
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни, яъни бугун очилган мазкур нуфузли анжуманда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин сўзга чиқиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тарихида биринчи бор ўтказилаётган ушбу халқаро анжуманнинг долзарблиги ва ундан кўзланган мақсадга тўхталиб ўтди.
 
Таъкидланганидек, тадбирнинг асосий мақсади ЖССТга аъзо давлатлар орасида барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида силга қарши самарали кураш тизимини ташкил этишдир.
 
Негаки, сил касаллиги бугун инсон ҳаётига катта хавф солаётган асосий инфекцион касалликлардан бири ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили дунё миқёсида сил билан касалланган 10 миллион бемор рўйхатга олинади. Силга қарши глобал кураш тўғрисида эълон қилинган ҳисоботга кўра, дунё аҳолисининг қарийб учдан бир қисми ушбу хасталикнинг бошланғич кўриниши билан оғриган.
 
Шу боис, мазкур анжуманда дунёнинг 40 дан ортиқ давлатларининг соғлиқни сақлаш вазирлари, БМТнинг ривожланиш масалалари бўйича муассасаси ва ҳудудий органлари раҳбар ходимлари, сил касалликлари билан ишловчи нодавлат ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари, хайрия фондлари вакиллар иштирок этмоқда.
Халқаро анжуманнинг биринчи кунида сўзга чиққан вакиллар силга қарши кураш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолади.
 
Ўзбекистонда сил хасталикларининг олдини олиш ва даволаш бўйича Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан алоҳида дастурлар ишлаб чиқилган. Фтизиатрия хизматининг тўғри йўлга қўйилиши ва касалликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросига аъзо 53 давлат орасида 3-ўринни эгаллаб, халқаро миқёсда эътироф этилди.
 
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТС масалалари бўйича қўшма дастури ижрочи директори Мишель Сидибе, БМТнинг сил касаллиги масаллари бўйича махсус элчиси Эрик Гусби сил касаллиги ва ОИВ инфекциясини даволаш, олдини олишда Ўзбекистон тажрибаси бўйича Марказий Осиё учун Ўзбекистонда халқаро анжуман ўтказиш таклифи билан чиқди.
 
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус, ЖССТ нинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб, Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова билан ўзаро ҳамкорликдаги учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилган. 

Теглар:Алишер Шодмонов Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқаро конференция Москва шаҳри ЖССТ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар