...
МЕНЮ
ONLINE TV

Кутилган истеъфо: Италия Жампьеро Вентуранинг жавобини берди


17:55, 16.11.2017 Спорт
 1 774

Вазифа уддалай олмаган мураббийнинг сўнгги тақдири мана шундай ҳолатлар билан якунланади.

Футбол бўйича Италия терма жамоаси бош мураббийи Жампьеро Вентура кеча, 15 ноябрь куни ўз лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда Италия футбол федерацияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Таъкидлаш жоизки, Вентура қўл остидаги Италия терма жамоасини кейинги йил Россияда ўтадиган ЖЧ-2018 мусобақасига сўнгги 59 йилда илк марта чиқа олмади ва ўз тарихида энг ёмон натижани қайд этди.
 
Хабарда айтилишича, Италия футбол федерацияси Вентурага юклатилган вазифани уддалай олмагани учун у билан 2020 йилга қадар давом этиши керак бўлган шартномани муддатидан олдин бекор қилишга қарор қилган.
 
Бундан ташқари, италияликлар 69 ёшли мутахассисга амалдаги шартномани бир томонлама узишаётгани учун 866 минг евро товон пули тўлаб беришади.
 
Маълумот ўрнида, синьор Жампьеро Италия терма жамоасини 2016 йил ўтказилган Евро-2016 мусобақасидан сўнг қабул қилиб олганди.  
 
Ҳозирда Италия футбол федерацияси Вентура ўрнига муносиб номзодлар қидиришни бошлаб юборган.
 
Тахминларга кўра, “Бавария” клуби собиқ мураббийи Карло Анчелотти Италия терма жамоасининг янги бош мураббийи бўлиши мумкин.
 
Анчелотти номзодидан ташқари ушбу лавозимга “Ювентус” устози Массимилиано Аллегри ва Россиянинг “Зенит” жамоаси бош мураббийи Роберто Манчини номзодлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, Карло Анчелотти бошқарувидаги “Бавария” ЕЧЛ мусобақасининг гуруҳ босқичида Франциянинг “ПСЖ” клубига қарши сафар ўйинида йирик 3:0 ҳисобида мағлубиятга учрагандан сўнг Мюнхен жамоаси раҳбарияти томонидан истеъфога чиқарилгани ҳақида аввалроқ хабар бериб ўтгандик.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Жампьеро Вентура Италия терма жамоаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!