Ўзбек миллий академик драма театрида "Алишер Навоий" спектаклининг ёпиқ тақдимоти бўлиб ўтди.
Бу асар Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида бир неча бор қўйилган бўлиб, унинг аввалгилардан фарқи шундаки, галдаги спектаклни таниқли режиссёр Рустам Ҳамидов саҳналаштирган.
Уйғун ва Иззат Султон асари асосида саҳналаштирилган спектаклда Алишер Навоий образини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов, Гулини актриса Дилноза Кубаева, Ҳусайн Байқарони Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Вазир Мажиддинни Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, Абдураҳмон Жомийни Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов гавдалантирган.
Спектаклни саҳналаштириш ва ролларни актёрларни танлашда режиссёр Рустам Ҳамидовнинг ўз ишига талабчанлиги ва профессионал нигоҳи, нозик дид соҳиби экани яққол кўзга ташланади. Айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримовнинг Навоий образига танланиши спектаклнинг асосий муваққиятини белгилаган, десак муболаға бўлмайди. У ўзига топширилган ролни шу қадар маромига етказиб ижро этдики, томошабин кўз ўнгида улуғ ва доно Навоийнинг сийрати акс этгандек бўлди. Мана энди Навоий образи ўзининг ҳақиқий эгасини топибди. Ўзбекистон халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов, Эркин Комилов, Муҳаммадали Абдуқундузовнинг ижролари ҳар доимгидек спектаклни бойитиб турибди. Муҳаммадали Абдуқундузовнинг нигоҳларидаги айёрлик, овоздаги киноя оҳанги, имо-ишоралардаги ўзига хослик Мажиддин образини томошабинга янада яқин бўлишида муҳим аҳамият касб этган. Дилноза Кубаева эса Гули образига шу қадар ярашиб турибдики, унинг ўрнида бошқа актрисани тасаввур қилишга имкон қолмайди.
Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилган мазкур асар устида ўзи ишининг моҳир усталари, тажрибали мутахассислар ишлагани сезилиб турибди. Айниқса, саҳна безаклари, декорацияларга янгича ёндашув кўзга ташланди.
Ёпиқ тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов, театр актёрлари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари иштирок этишди.
Спектаклнинг очиқ премьераси 6-7 февраль кунлари бўлиб ўтади.
Фотомухбир Дониёр Қаюмов