Тадбир якунида инвестиция ва савдо шартномалари имзоланиши кутилмоқда.
Тадбир ташкилотчилари – Беларусь Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, элчихоналар, шунингдек, икки мамлакатнинг тегишли давлат идоралари ва хўжалик бирлашмалари.
Тадбирларда ҳукумат вакиллари, вилоят ҳокимликлари, бизнес корхоналари, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг 300 дан ортиқ вакиллари, жумладан, Белоруссиянинг 38 та йирик компаниялари раҳбарлари иштирок этадилар. Форум доирасида қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, энергетика, фармацевтика, тоғ-кон, озиқ-овқат ва енгил саноат соҳаларида фаолият олиб борувчи бизнес вакиллари ўртасида музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Тадбир якунида инвестиция ва савдо шартномалари имзоланиши кутилмоқда.
“Ўзбекистон ва Белоруссия ўртасида эркин савдо режими мавжуд бўлиб, 2018 йил январ-июль ойларида мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баробар кўпайди ва 229,5 млн. долларни ташкил этди”, дея изоҳ берди Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев.
Шунингдек, 2018 йил 14-19 сентябрь кунлари “Ўзэкспомарказ”да Made in Belarus кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда муҳандислик, транспорт, кимё, нефт-кимё, қурилиш, ёғочни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, енгил саноат, илм-фан ва технология, таълим, китоб нашри, спорт ва туризм каби соҳаларда фаолият олиб борувчи 150 дан ортиқ корхоналар иштирок этади.