Вазирнинг навбатдаги ташриф манзили Мирзо Улуғбек туманидаги 14-мактабгача таълим муассасаси бўлди.
Вазирнинг навбатдаги ташриф манзили Мирзо Улуғбек туманидаги 14-мактабгача таълим муассасаси бўлди.
Мактабгача таълим вазирлиги Матбуот хизматидан хабар қилишларича бу ердаги ҳолат ҳам Юнусободдаги 206-МТМдан қолишмаган.
МТМ 1980 йилда қурилган. Унинг қуввати 320 ўринга мўлжалланганлигига қарамай, бугунги кунда ушбу МТМда 551 нафар бола тарбияланмоқда.
Бу МТМда ҳам ошхона фаолияти талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Хусусан, мактабгача таълим муассасига Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган МЧЖ “Ибрагимова” томонидан етказиб берилган гўштнинг бир қисми сифатсиз ҳолатда эканлиги ва яроқсиз гўшт маҳсулотлари ошхона музлатгичида сақланганлигига қандай изоҳ бериш мумкин? Албатта, камчиликка чора кўриш муқаррарлиги боис, мазкур боғча омбор мудири Д.Бахромова, бош ошпази Д.Давирова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Мактабгача таълим муассасаси мудираси вазифасини бажарувчи Ф.Усманбековага ҳамда ҳамшира Г.Хўжамкуловаларга эса “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган. Қолаверса, 14-мактабгача таълим муассасаси ҳамда МЧЖ “Ибрагимова” ўртасида тузилган шартнома ҳам бекор қилинган.
Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин ўрганиш давридаги ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш ва уларни такрорламаслик мақсадида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш юзасидан мутассадиларга топшириқ берди.