Нега ДСЭНМга хабар берилмади? Умуман олганда ДСЭНМнинг кўзи қаерда? ОАВда чиққан масалалар ортидан тушишни ДСЭНМ қачон ўрганади?
Расмий баёнотда МТВ мақолада қайд этилган айрим фактларни, аниқроғи 136-мактабгача таълим муассасаси моддий техник базасининг эскирганлигини тан олган. МТМ ошхонаси ва иситиш тизими таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Вазирликдан маълум қилишларича, 136-МТМда 2019 йил “Обод маҳалла” дастури доирасида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.
“Бевосита “фото-факт” дея қайд этилган расмлар тўпламини шарҳлайдиган бўлсак, муассасанинг ошхонаси туман мактабгача таълим бўлимининг 2018 йил 27 мартдаги 42-сонли буйруғи асосида “Аутсорсинг” усулини қўллаш асосида фаолият юритади.
Жорий йилнинг октябрь ойи ўрталарида Тошкент шаҳар мактабгача таълим бўлими ходимлари томонидан ушбу муассаса фаолияти ўрганилган ва расмлар айнан ана шу вақтда олинган”, дейилади баёнотда.
МТВ шарҳи: Ҳа, картошканинг ювилишида хатоликларга йўл қўйилган.
МТВ шарҳи: Ҳа, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланишида хатоликларга йўл қўйилган.
Аниқланган жиддий хатоликлар МТВ мутахассислари ва ДСЭНМ вакиллари томонидан ўрганилди ва қисқа вақт ичида санитария қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ вазият бартараф этилди.
Керакли жиҳозларни сотиб олиш билан боғлиқ мурожаатнома эса Тошкент шаҳар хокимлиги номига юборилди.
Мақоладан МТМнинг айрим хоналаридан ёғингарчилик вақтида чакки ўтгани ва натижада натижада деворлар нурагани, хоналарда кўлмаклар ҳосил бўлгани айтилганди. Бу иддаога МТВ қуйидагича муносабат билдирди:
“Пойтахт Тошкентда мана бир неча ҳафтадирки ёғингарчилик кузатилмаяпти. Гуруҳда юзага келган ҳолат 2018 йил 20 октябрь (ШАНБА) куни 136-МТМнинг 17-гуруҳида иситиш тизимида носозлик юзага келганлиги билан боғлиқдир. Шанба куни муассасада тарбияланувчилар бўлмаган. Муассаса мудираси Д.Ф.Шерназарова томонидан 20.10.2018 йилда 01/1-138-сонли хат билан мактабгача таълим бўлимига мурожаат қилинган. Мактабгача таълим бўлимининг хизмат кўрсатиш гуруҳи ходимлари томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилган ва душанба 22.10.2018 йил куни тарбияланувчилар қуруқ гуруҳга қабул қилиб олинган”.
QALAMPIR.UZ’га ўз исмини ошкор этилмаслигини сўраб, мурожаат қилган она шу кунларда боғчада 22 нафар бола овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилганини айтганди. МТВ бу масалага ҳам жавоб қайтарди.
“Йўқ, ушбу МТМда 22 нафар боланинг заҳарланиши қайд этилмаган. Юнусобод туман ДСЭНМ томонидан берилган маълумотларга (23.10.2018 йил 08-11б/1806) асосан 136-сонли мактабгача таълим муассасасида 2018 йил октябрь ойида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмаганлиги аниқланди”.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган тартибларга кўра, 3 ёшгача бўлган болалар давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилинмайди. Бизга йўлланган мурожаатда эса Юнусобод туманидаги 136-мактабгача таълим муассасасига 3 ёшга тўлмаган болалар яширинча қабул қилинаётгани, комиссия келгудек бўлса, улар уйларига қайтариб юборилаётгани айтилганди. МТВ бу масалани ҳам ўрганганини маълум қилади.
“Йўқ, ушбу МТМда 3 ёшга тўлмаган болалар қабул қилинмаган. Жорий йининг 23 октябрь куни ота-оналар иштирокида муассаса фаолияти ўрганилди. Ўрганиш жараёнида 3 ёшга тўлмаган болалар аниқланмади.
Қуйидаги иккита расм эса, 136-МТМга умуман тегишли эмас, деб таъкидлашимизга асос бор. Чунки, биринчи расм – МТМда бу каби хонанининг ўзи йўқлиги аниқланган бўлса, иккинчиси интернет тармоқларидан юклаб олинганлиги маълум бўлди”.
Таҳририят: Кеча, 24 октябрь куни QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган мақола юзасидан таҳририятимизга Мактабгача таълим вазирлигидан қўнғироқ бўлди. Вазиятга ойдинлик киритилиши ваъда қилинди. Кейинги қўнғироқ эса 136-мактабгача таълим муассасаси мудирасидан бўлди. Аввал боши ўзини таништиришни истамаган мудира, QALAMPIR.UZ’ни судга беришини, берилган маълумотлар бўйича исбот топиб берилмаса, QALAMPIR.UZ’ни бутун Ўзбекистондан йўқотишини овози борича баралла айтди. Таҳририят эса бундай ҳолатларга оғир-вазминлик билан ёндашишда давом этади. Зотан, келажак авлоднинг қандай таълим олаётгани, кимларнинг қўлида тарбия топаётгани биз учун жуда муҳим.
Шу ўринда савол туғилади: QALAMPIR.UZ ўзи келтирган хоҳ рост, хоҳ ёлғон маълумотларга суратларни илова қилган эди. Модомики, Мактабгача таълим вазирлиги Юнусобод туманидаги 136-мактабгача таълим муассасасида текширув ўтказган бўлса, қани баённомалардан нусхалар? Қани ота-оналар билан ўтказилган текширувдан суратлар ёки иштирокчи ота-оналарнинг рўйхати. Хўп, маҳсулотлар сақланишида санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилинмаяётгани рост бўлиб чиққан бўлса, нега чора кўрилмади? Нега ДСЭНМга хабар берилмади? Умуман олганда, ДСЭНМнинг кўзи қаерда? ОАВда чиққан масалалар ортидан тушишни ДСЭНМ қачон ўрганади? Шундай ҳолатлар бор, деб тан олиш вазиятни қанчалик енгиллаштиради, муаммога қанчалик ечим топади? Натижа-чи?