Ўйланиб қоласан киши, у қандай иш эканки 3 йил давомида биргина адвокат хизматига 7000 АҚШ доллари берган бўлса...
Бу ҳақда олдинроқ “Нотариусларнинг “нотариус+” тўловлари қонунийми?” номли мақола эълон қилган эдик ва бу мавзу юзасидан ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.
Ядлия соҳасига оид яна бир ташкилот, яъни Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўришга ваколатли орган — бу суд тизими.
Суд тизими ўз фаолиятида жисмоний ва юридик шахсларнинг кўпгина низоларини ҳал қилиб беришини барчамиз яхши биламиз. Халқона қилиб айтадиган бўлсак, “судга иши тушган” киши адвокатлик хизмати, аниқроғи адвокатлар иштирокисиз ўзини қониқтирадиган у ёки бу натижага эришиши қийин.
Дастлабки сабаби оддий — кўпчилигимизнинг ҳуқуқий маданиятимиз етарли даражада эмас...
Адвокатларнинг адвокатлик, яъни ҳуқуқий ёрдам, янаям аниқроғи, у ёки бу фуқаро ёхуд ташкилотнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўз ўрнида улар номидан суд мажлислари ва бошқа тегишли идораларда вакил бўлиш ваколатидан ташқари “қўшимча ваколатлари” борлиги ҳам қулоғимизга онда-сонда чалиниб туради.
Қўштирноқ ичидаги хизматлар — бу, асосан, қонунан амалга ошириш мумкин бўлган ва бўлмаган ишлар, суд мажлиси жараёнига маълум бир даражада “таъсир ўтказиш” ва ҳакозолар...
Худди шундай вазиятларда адвокат ва унинг хизматини маълум бир тўлов эвазига ёллаган шахс ўртасида ўзаро келишув асосидаги “алоҳида талаб” билан боғлиқ фирибгарликка йўл очилади.
Қисқаси, адвокат фуқарони алдаб, кўпгина ҳолларда “фалончига олиб кириб бераман” қабилида қўшимча пул сўрайди. Натижада на фуқаронинг талаби, хоҳ у қонуний ёки ноқонуний бўлсин, қондирилади ва на адвокат “ваъдаси”нинг устидан чиқади...
Масалан, Адвокат Нигора Зуҳриддинова фуқаро Қурбоновдан 2014 йилдан бери турли адвокатлик харажатлари ва бошқа баҳоналарни кўрсатиб, ундан 7 000 АҚШ доллари олган.
Буни халқ сўзлашув тилида “соғган” деб атайдилар. Ўйланиб қоласан киши, у қандай иш эканки 3 йил давомида биргина адвокат хизматига 7000 АҚШ доллари берган бўлса?
Маълум бўлишича, адвокат вақт ўтгани сари ишни ижобий ҳал этмаган. Умидсизликка тушган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона вилоят бошқармасига адвокат устидан ариза билан шикоят қилган.
Аниқланишича, у фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят ва Фарғона шаҳар судлари қарорларидан норози бўлиб, Олий судга мурожаат қилмоқчи бўлган.
Данғара туманида яшовчи ер-мулк кадастри ходими Пирматов Шербекнинг жинояти ҳам қайсидир ишга “таъсир кўрсатиш” важида содир этилган.
Адвокатга ноқонуний эканлигини билиб туриб 7000 АҚШ доллари берган фуқаро шунчаки “алданиб” қолганигаям ишонмайсан киши. Яна ким билади дейсиз, бу ёғи ҳуқуқ-тартибот ходимларининг иши...
Бу масала кўпроқ мазкур мавзуни ёритган “Ўзбекистон24” мухбирларига аён.
Бизни қизиқтирган ягона савол қуйидагича: баъзи бир адвокатларнинг “адвокат+” хизматлари қанча?
Фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхши билмаслиги ортидан адвокат кўринишидаги айрим фирибгарлар тўрига тушиб қолмаяптими?
Тўғри, беш қўл баробар эмас! Аксарият ҳолларда аҳоли адвокатлар хизматидан рози, чунки уларнинг иштирокисиз натижа ҳар доим ҳам қониқарли бўлавермайди. Бироқ бу фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб фирибгарлик қилиш керак дегани ҳам эмас...
Азиз ўқувчи, мазкур масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларингизни кутамиз. Маълумотларни info@qalampir.uz электрон почтасига юборишингиз мумкин.