Қабул комиссиялари соат 9:00 дан 18:00 га қадар ишлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълумотига кўра, Қабул комиссиялари соат 9:00 дан 18:00 га қадар ишлайди.
Бакалавр таълим йўналишлари
Абитуриентларнинг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризалари олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади. Абитуриент олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатгани ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;
- 086-У шаклидаги тиббий маълумотнома;
- паспорт (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилгани тўғрисидаги гувоҳнома)нинг нусхаси;
- 3.5 х 4.5 см ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;
- меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма ва ишлаб турган соҳадан тавсиянома (махсус сиртқи бўлим абитуриентлари учун);
- ректор номига ариза;
- танловдан ташқари ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари асл нусхадаги тасдиқловчи ҳужжатлар;
- абитуриент томонидан паспорт (паспорт ёшига етмаганлар туғилгани тўғрисидаги гувоҳнома) ҳамда ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат қабул комиссиясига шахсан кўрсатилади.
Магистратура мутахассислиги
Магистратурага киришда абитуриентлар (бакалавр даражасига эга бўлганлар, дипломли мутахассислар) олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
- магистратура мутахассислиги кўрсатилган ҳолда, олий таълим муассасаси ректори номига ариза;
- олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси (ёки дипломдан кўчирма – Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова;
- чоп этилган илмий мақола ёки тезислари (ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатлари) нусхаси (мавжуд бўлган ҳолда);
- 3.5 х 4.5 см ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;
- 086-У шаклидаги тиббий маълумотнома.
Ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади.
Ҳужжатлар тақдим этилиши жараёнида абитуриентлар паспорт ва ҳарбий хизматга алоқадорлик ҳақидаги ҳужжатларини шахсан кўрсатадилар.
Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот олмоқчи бўлган шахслар таълим муассасасининг қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
- таълим муассасаси ректори (директори) номига ариза;
- олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот тўғрисида давлат намунасидаги диплом (асл нусхаси) иловаси билан (хорижий давлатлар таълим муассасаларининг 1992 йил 1 январдан кейин берилган дипломлари ўрнатилган тартибда нострификациядан ўтказилган бўлиши лозим);
- 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 6 дона фотосурат;
- 086-У шаклидаги тиббий маълумотнома;
- паспорт ва ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат нусхаси.
Паспорт ҳамда ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат шахсан кўрсатилади.
Диққат!
Абитуриент томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, у ҳолда абитуриент тест синовларидан (олий таълим муассасасидан) четлаштирилади ҳамда ҳужжатлари ўрнатилган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.
“Qalampir.uz” таҳририяти жамоаси барча абитуриентларга омад тилаб қолади!