Вилоятдаги қишлоқ хўжалиги институти ҳамда иқтисодиёт ва сервис институтидаги қабул жараёнларига тўхталамиз.
Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти бу йил қабул учун 1520 та вкота ажратди. Бакалавриатура йўналиши бўйича талабалар қабул қилиш квотаси ўтган йилгига нисбатан 205 тага кўпайган. Магистратура йўналиши учун 61 нафар (ўтган йили 26 нафар) талаба жалб қилинади.
Зоотехния таълим йўналишида бу йилдан бошлаб балиқчилик ҳамда асаларичилик йўналишлари ҳамда қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш касбий таълими йўналиши янгитдан иш бошлади.
Мақсадли қабул учун ветеринария мутахассислигига ажратилган 75 та давлат гранти асосидаги квота ўринлари вилоятлар кесимида: Қорақалпоғистон Республикасига 3 та, Хоразм, Сирдарё, Наманган, Фарғона вилоятларига 5 тадан, Бухоро ва Навоий вилоятларига 8 тадан, Самарқанд вилоятига 10 та, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Андижон вилоятларига 6 тадан, Тошкент вилоятига 2 та этиб тақсимланган.
“Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтига 370 та грант ажратилган бўлиб, шундан 50 таси учун Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи абитуриентлар беллашади. Қолган грантлар мос равишда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига тўғри келади. Узоқ масофадан ташриф буюрувчи абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида уларга талабалар ётоқхонасидан жойлар ажратилди. Республикамизнинг кўплаб олий таълим муассаларидаги қабул ҳайъатида институтимизга ўша ердан ҳужжатларни топшириш имкони яратилди. Масалан, андижонлик абитуриент Самарқандга келмасдан, Андижон қишлоқ хўжалиги институтида ташкил этилган қабул ҳайъатига бориб, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтига ҳужжатларини топшириши мумкин”, дейди институт қабул ҳайъати масъул котиби Абдўмумин Алиқулов.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг бакалавриат йўналиши бўйича квоталар сони ўзгармаган, яъни 475 та. Магистратура таълим йўналиши бўйича эса қабул 24 тадан 32 тага ошди. Илгари институтда менежмент, маркетинг йўналишлари бўйича мутахассислар фақат туризм соҳаси бўйича тайёрланган бўлса, бу йил бундай маркетинг ва менежмент мутахассисларини тармоқлар ва соҳалар бўйича тайёрлаш ҳам режалаштирилган.
Аввал олийгоҳда мавжуд бўлган хизматлар соҳаси таълим йўналиши иккига ажратилиб, ресторан иши ҳамда товар экспертизаси хизматларини ташкил этиш бўйича ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Магистратура таълими йўналишида ҳозиргача мавжуд бўлмаган туризм фаолияти турлари бўйича мутахассислик ташкил этилди.