...
МЕНЮ
ONLINE TV

Абитуриентлар 086 тиббий маълумотномаси тўлдирилиши учун қанча тўлаши керак?


17:26, 05.07.2018 Жамият
 5 488

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати 086 шаклдаги тиббий маълумотнома ҳақида маъулмот берди.

Маълумки, Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларида янги ўқув йили учун қабул жараёни бошланган. Олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш анча масъулиятли жараён бўлиб, бунга жиддий тараддуд кўриш талаб этилади. Яъни, олий ўқув юртлари қабул комиссияларига ўрта ва ўрта махсус маълумот олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар билан бирга  саломатлиги ҳақида 086 шаклдаги тиббий маълумотномани ҳам тақдим этиши лозим бўлади.
 
Ота-оналар ва ёшларда бундай маълумотномани қаердан олиш учун қайси тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш кераклиги, шифокорлар кўриги ва таҳлиллар пуллими мавзусида саволлар туғилади.
 
Мавзуга аниқлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи Фурқат Санаевга  мурожаат қилдик:
 
– Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 25 декабрдаги 777-сонли буйруғига мувофиқ тасдиқланган 086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотнома амбулатор-поликлиника муассасаларида юритиладиган тиббий ҳужжат ҳисобланиб, уни юритишдан мақсад ёшларнинг саломатлик ҳолатини назоратдан ўтказишдир. Зеро, ўз олдига катта мақсадлар қўйган, олий таълим олиб эл-юртга хизмат қилишга бел боғлаган йигит-қизлар, аввало, ҳар томонлама соғлом ва тетик бўлиши лозим.
 
086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотномани тўлдириш учун ёшлар терапевт, жарроҳ, невропатолог, эндокринолог, окулист, отоларинголог, стоматолог, дерматолог каби шифокорлар кўригидан ўтади. Рентген, флюорография, лаборатория таҳлилларини топширади. Мазкур ҳужжатга профилактик эмлашлар ҳақидаги маълумотлар ҳам қайд этилади.
Тиббий кўрик жараёни анча чуқур, етук мутахассислар текширувини талаб этади. Шу боис, бундай кўриклар асосан туманлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ташкил этилади. Ушбу бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида эса бундай тиббий текширувларни талаб  даражасида ташкил этиш учун барча шароитлар яратилган. Тиббиётнинг турли соҳалари бўйича тор мутахассислар, замонавий  лаборатория таҳлил ва диагностика  воситалари тиббий кўрикларни талаб даражасида ташкил этишга замин яратмоқда. Барча абитуриентлар бу имкониятдан оқилона фойдаланиб саломатлигини тўлиқ текширувдан ўтказиши мумкин.
 
Энг муҳими: абитуриентлар учун тиббий кўриклар ва текширувлар, шунингдек, 086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотномани тўлдириб бериш бепул. Тиббий маълумотноманинг барча бандлари тегишли шифокорлар томонидан тўлдириб бўлинганидан кейин уни даволаш - профилактика муассасаси бош шифокори тасдиқлаб имзо қўяди ва ҳужжатнинг пастига тиббиёт муассасаси муҳри босилади.
 
Ана шундай талаблар асосида тўлдирилган 086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотнома абитуриентнинг саломатлик ҳолати ҳақидаги асосий ҳужжат бўлиб, у олий ўқув юртлари қабул комиссияларига тақдим этилади.
 
Эслатиб ўтиш лозимки, агар абитуриентлар ва ота-оналар бундай тиббий маълумотнома олиш учун ортиқча оворагарчиликка дуч келса ёки  бу жараёнда пул талаб қилинса, тиббиёт муассасасида ташкил этилган “Ишонч телефонлари”га қўнғироқ қилиб, ҳақ-ҳуқуқингизни талаб этишга ҳақли
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:086 маълумотнома ОТМ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар