...
МЕНЮ
ONLINE TV

Абдулла Ориповнинг хотира кечасида дод солиб, бонг урганлар кўринмади


21:23, 17.11.2016 Жамият
 9 883

Хотира кечасида кўпгина таниқли ижодкорлар иштирок этиши кутилган эди. Бироқ...

Элимиз суйган шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов 5 ноябрь куни вафот этганидан хабарингиз бор. Шоир Тошкентдаги “Чиғатой” қабристонига дафн этилди.
 
Аввалроқ, Абдулла Ориповнинг хотирасига бағишлаб илк маънавий-марифий кеча ташкил этилиши ҳақида хабар берган эдик.
 
Ушбу тадбир 17 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасининг катта залида бўлиб ўтди.
 
Хотира кечасида Абдулла Ориповнинг замондошлари ва шогирди бўлган Омонулла Мадаев, Алишер Назар, Шукур Қурбон каби ижодкорлар иштирок этишди.
 
Бу адабий кечага ёшларнинг қизиқиши катта эканини кўриш мумкин. Буни “Ҳозир ким келаркин?”, “Абдулла Орипов ҳақида биз билмаган нарсаларни айтишармикин?”, “Шоирнинг ўзи билан юзма-юз суҳбатлашмаганман. Абдулла Ориповни яқиндан билганлар шоир ҳақида нима деркин?”, деган саволлар хаёлида чарх ураётган ёшлар зални тўлдириб ўтирганидан ҳам билиш мумкин.
 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, марҳум шоирнинг шогирди Алишер Назар Абдулла Ориповнинг сўнгги йиллардаги ижоди, сўзга ва шоирликка бўлган эътиқоди борасида ўз фикрларини айтиб ўтди.
 
Филология фанлари номзоди, профессор Омонулла Мадаев марҳум шоирнинг талабалик йиллари, биринчи шеърлари ва Абдулла Орипов шоир сифатида қандай кашф этилгани ҳақида ўз хотираларини тадбирга келган ёшлар билан ўртоқлашди.
 
Хотира кечасида Абдулла Орипов ҳақида айтилаётган гаплар одамни руҳлантирса-да, бир нарса ўйлашга мажбур қилар эди.
 
Хотира кечасида келган меҳмонлардан ташқари Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нодир Жонузоқов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Охунжон Ҳакимов, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исмоиловлар иштирок этиши айтилган эди.
 
Афсуски, Абдулла Ориповдек шоирнинг хотирасига уюштирилган кечага келган меҳмонлар сони кутилганидек бўлмади. Ёки Алишер Назар, Шукур Қурбон, Омонулла Мадаевдан бошқалар Ориповнинг хотира кечасида қатнашишга вақт тополмадимикин?
 
Яна бир савол: бугунги хотира кечасида ижтимоий тармоқларда бонг уриб, марҳум шоир хотирасига марсиялар, қасидалар битаётган Абдулла Ориповнинг издошлари нега кўринмади? Бу адабий кеча бугун пайдо бўлган ёш шоирнинг биринчи китоби тақдимоти эмаски, адабиёт кечасига эътиборсизлик билан қаралса.
 
Мазкур тадбир Абдулла Ориповга бағишланган илк хотира кечаси бўлди. Бундай кечалар келгусида жуда кўплаб ўтказилишига аминмиз. Умид қиламизки, навбатдаги тадбирлар биз юқорида айтиб ўтган камчиликлардан холи бўлади.
Мухторбек Абдуллаев
 

Теглар:Абдулла Орипов Хотира кечаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар