...
МЕНЮ
ONLINE TV

Абдулла Ориповнинг қизи отаси ҳақида китоб ёзяпти


19:50, 05.01.2018 Жамият
 6 208

Орипова отасидан айрилган айни оғир кунларда биз билан мунтазам мулоқотда бўлиб турди.

2016 йилнинг 5 ноябрь санаси. Ўзбек адабиётининг атоқли шоири, кўплаб шеърлари, достонлари билан нафақат ўзбек ўқувчилари, балки чет элда ҳам ҳурмат қозонган адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Орипов ҳаётдан кўз юмганди.
 
Халқимиз севимли шоирини ҳурмат ва эҳтиром билан сўнгги манзилга кузатди. Президент Шавкат Мирзиёев Абдулла Орипов хотирасини абадийлаштириш, унинг улкан адабий меросини келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди. Шоир туғилиб, вояга етган Қашқадарё заминига, Тошкентдаги адиблар хиёбонига унинг ҳайкалини ўрнатиш, Абдулла Орипов номидаги мактаб ташкил этиш таклифини билдирди. 

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Ориповани журналист сифатида яхши танийсиз. Орипова отасидан айрилган айни оғир кунларда биз билан мунтазам мулоқотда бўлиб турди.
 
Таҳририятимиз Юлдуз Ориповнинг отасига атаб китоб ёзаётганини эшитгани заҳот, у билан боғланди.


 
— Юлдуз опа, аҳволларингиз яхшими? Янги йилни яхши кутиб олдингизми? Режалар кўпга ўхшайди, китоб ёзаётган экансиз.
— Отам ҳақида китоб ёзиш ғояси улар ҳаётлик чоғларидаёқ туғилган эди. Ўша вақтнинг ўзида ишга киришдим. Кундаликлар ёзиб, уларни тўплай бошладим. Хотираларимни қоғозга туширдим, китобни ўша кезларда чоп этишни режалаштирган эдим. Аммо Яратган берган тақдир экан – отам бу китобни кўрмай кетдилар. Энди эса қораламаларимни янада бойитяпман, ёзганларимни устоз ижодкорлар, отамнинг дўстлари, адабиётшуносларга бир-бир ўқитяпман.
— Унда фақат ўзингизнинг хотираларингиз бўладими?
— Албатта! Шогирдлар, дўстлар ва яқинлар отамни менчалик билмасликлари аниқ. Улар билан кўп вақтимизни бирга ўтказардик, суҳбатларини телефоним диктофонига ёзиб олиш одатга айланганди. Буни қарангки, неча йиллардан буён ёзиб олинган овозлар, видеолар бугун катта архивга айланди. Ана шуларни саралаб, суҳбатларни қоғозга туширяпман.
— Севимли ижодкоримиз ҳақидаги хотира китобидан қачон баҳраманд бўламиз?
— Бу ҳақида ҳозирча бир нарса деёлмайман. Отажонимнинг 10 томлик китоблари нашр этиляпти, бу китоб чиққач, баҳорга бориб китобим тақдимотини қилармиз, балки.
 
Юлдуз Орипова отаси ҳақида тўлқинланиб гапираркан, чоп этилажак китобда ўз ўрнини топаётган хотираларнинг айримларини “Qalampir.uz” интернет нашрида эълон қилиб бориш ҳақидаги таклифимизни ҳам қабул қилди.
 
Демак, тез орада Юлдуз Орипова қаламига мансуб “Отамга мактублар” китобидан парчаларни “Qalampir.uz” интернет нашрида ўқишингиз мумкин. 
 

Теглар:Абдулла Орипов Отамга мактублар Юлдуз Орипова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар