Шоир Муҳаммад Исмоил шеърият ихлосандлари ва Абдулла Ориповни таниган-билганларни сабрли бўлишга чақирди.
Кеча, 8 ноябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси дафн маросими бошқа кунга қолдирилгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади. Бир неча соат аввал эса шоир Муҳаммад Исмоил Абдулла Ориповнинг дафн маросими ҳақида яна бир бор ўзининг Facebook ижтимоий тармоғи орқали маълумот берди ва барчани сабрли бўлишга чақирди.
“Муҳтарам азизлар! Албатта, барчамиз севимли шоиримиз, буюк устоз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов вафоти муносабати билан чуқур қайғудамиз. Дарду-ҳасратимизнинг адоғи йўқ. Узоқ-яқиндан ёру-биродарлар, қавму-қариндошлар, ижод аҳли таъзия билдириш учун буюк устозимизнинг хонадонига шошилмоқдалар. Бу табиий ҳол. Абдулла Орипов хонадонида ҳам дафн маросимига тайёргарлик кетмоқда. Аммо йўл олис, оралиқ масофа бир неча минг чақиримни ташкил қилади.
Дафн маросими қачон ўтқазилиши маълум бўлгач, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, қолаверса, Абдулла Орипов хонадони бу ҳақда хабар беради. Унгача турли ноаниқ тусмолларга, сохта маълумотларга ишонмаслигингизни, бироз сабр қилиб, аниқ хабарни кутишингизни сўраймиз.
Буюк устозимизни вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган дўстларимиз қошида таъзимдамиз. Илоҳо, устозимизнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин!”, деб ёзади Муҳаммад Исмоил.
Маълумот учун, Абдулла Орипов 5 ноябрь куни куни АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги шифохонада вафот этганди.