...
МЕНЮ
ONLINE TV

Абдулла Орипов қачон дафн этилиши маълум бўлди


20:40, 09.11.2016 Жамият
 9 996

Номаълум сабабларга кўра дафн маросими ортга сурилиб бораётган Абдулла Ориповнинг жанозаси қачон ўтказилиши хабар қилинди.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов 5 ноябрь куни АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги шифохонада вафот этганди.
 
Абдулла Ориповнинг вафоти ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги берган баёнотда марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга олиб мақсадида Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Элчихонасига консуллик ва бошқа масалаларни зудлик билан ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўриш тўғрисида кўрсатма берилгани айтилган эди.
 
Шоирнинг жасади ортилган самолёт 7 ноябрь куни соат 20:00 да АҚШдан Тошкент халқаро аэропортига келиб қўниши, дафн маросими 8 ноябрь куни ўтказилиши ҳақида марҳум шоирнинг шогирди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюушмаси аъзоси шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали хабар берганди.
 
Бироқ, номаълум сабабларга кўра марҳум шоирнинг дафн маросими вақти кечикиб борди.
 
Турли миш-миш ва шубҳа-гумонлар урчиб бораётгани сабаб, бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекситон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Азизбек Турдиев билан боғланишга ҳаракат қилдик.
 
Унинг айтишича, марҳум шоирнинг дафн маросими эртага, 10 ноябрь куни ўтказилиши кутиляпти.
 
Лекин биз Азизбек Турдиевдан “Марҳумнинг жасади Ўзбекистонга олиб келиндими? Қачон келтирилди? Агар келтирилмаган бўлса, энди қачон олиб келинади?”, деган саволларга жавоб ололмадик.
 
Шундан сўнг, тўлиқроқ маълумот олиш учун шоир Муҳаммад Исмоил билан боғландик. Муҳаммад Исмоилнинг айтишича, Абдулла Ориповнинг жасадини олиб келиш учун шоирнинг аёли, қизи ва ўғли АҚШга жўнаб кетишган. Улар эртага тонгача Тошкентга қайтиши тахмин қилиняпти.
 
“Абдулла Ориповнинг жанозаси 10 ноябрь куни соат 13:00 да ўтказилиши режалаштирилмоқда”, дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муҳаммад Исмоил.
 
“Qalampir.uz” сайти ўзи излаган маълумотни топди. Буюк шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони ва Ўзбекистон халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг жасади эртага 10 ноябрь куни “Чиғатой” қабристонида тупроққа қўйилади.
 
Маълумот учун, Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилган. Биринчи марта республика матбуотида “Қушча” деб аталган шеъри чиққан пайтда Абдулла Орипов талаба эди.  Шоирнинг биринчи шеърлар тўплами “Митти юлдуз” эса 1965 йилда чоп этилган.
 
Абдулла Орипов халқимизни дунё адабиётининг сара намуналари билан таништириш борасида ҳам талай ишларни амалга оширган.  У Дантенинг “Илоҳий комедия” асарини,  Л.Украинка,  Т.Шевченко, Н.Некрасов,  Қ.Қулиев,  Р.Ҳамзатов сингари шоирларнинг шеърларини маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган.  
 
Абдулла Орипов ижодкорлар орасида биринчи бўлиб,  1998 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвонига сазовор бўлди.  
Мухторбек Абдуллаев

Теглар:Абдулла Орипов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар