Ушбу лойиҳага 1 млрд АҚШ доллари ажратилиши кўзда тутилган.
Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов “Тashkent City” қурилиш объектида олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида қурилиш ишлари олиб борилаётган майдонга ташриф буюрди.
Ушбу тадбирда Тошкент шаҳар ва Шайҳонтохур тумани ҳокимлари қатнашгани хабар қилинди.
80 гектардан ортиқ майдонда қурилиши бошланган лойиҳага 1 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Аввалроқ, “Tashkent City”ни бунёд этишда мазкур марказ барпо этиладиган ҳудуддаги уйлар, нотурар жойлар бузилиши ҳақида хабар берган эдик.
Ислом Каримов, Алишер Навоий шоҳкўчалари, Фурқат ва Олмазор кўчалари ўртасидаги 80 гектар майдонда жойлашиши режалаштирилган “Tashkent City” халқаро бизнес марказининг концепцияси қабул қилинган эди.
Маълумот учун, Марказда 40 қаватдан баланд бўлмаган замонавий технологиялар асосидаги бизнес офислар, меҳмонхоналар, 12 қаватдан баланд бўлмаган турар-жойлар қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ушбу ҳудудда конференция ва кўргазма марказлари, гипермаркетлар, савдо майдонлари, ресторан, кафе ва ер ости автотураргоҳлари қурилади.