

Ўзбекистон ва Испания ишбилармон доиралари тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини ўрнатишга тайёр эканликларини тасдиқлашди.
Испания томонининг илтимосига кўра, Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқининг эътиборли жиҳатлари, бундан ташқари, конференция якунлари тўғрисида сўзлаб берди.
Ўзбекистон ва Испания ишбилармон доиралари тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтириш учун дипломатик қўллаб-қувватлашга томонлар тайёр эканликларини тасдиқлашди. Шунингдек, учрашувда туризм масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, музокаралар якунига етгач, вазирлар икки мамлакат ўртасида авиақатнов ва ҳукуматлар ўртасида халқаро автомобиль ташувлари тўғрисидаги битимларни имзоладилар.
Эслатиб ўтамиз, Абдулазиз Комилов 2017 йилнинг 13 ноябрь куни Испания қироллиги Савдо бўйича давлат котиби Мария Луиза Понсела билан, 14 ноябрь куни эса Испания Қироллиги Сенати раисининг биринчи ўринбосари Педро Санз билан учрашган эди.