Келаси йил давлат бюджети ижтимоий ва иқтисодий соҳаларга йўналтирилади.
Йиғилишда келгуси йили бюджет даромадлари изчил ошиши, солиқ тизимида жорий этиладиган тарихий ўзгаришлар натижасида аҳоли ва бизнесга катта енгилликлар яратилиши таъкидланди.
Хусусан, 2019 йил 1 январдан:
- тушумдан олинадиган мажбурий ажратмаларни тўлиқ бекор қилиш натижадасида корхоналарда қўшимча 5,2 триллион сўм даромад қолади;
- жисмоний шахслар учун даромад солиғининг энг юқори ставкаси 22 фоиздан 12 фоизгача, ягона ижтимоий тўлови 25 фоиздан 15 фоизгача туширилиши, фуқароларнинг 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилиниши натижасида аҳоли даромадлари 6,5 фоизга ошади;
- юридик шахслар мол-мулк солиғи 5 фоиздан 2 фоизгача, фойда солиғи 14 дан 12 фоизгача, кичик бизнес субъектлари ягона солиғи 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилиши натижасида тадбиркорлар ихтиёрида 2 триллион сўм қўшимча маблағ қолади. Умуман олганда, мавжуд 19 та солиқ ва мажбурий тўловлар тури 15 тагача камайтирилади.
Бундай енгилликлар натижасида бюджет тушумларини таъминлаш бироз қийинлашади. Шу боис йиғилишда бюджет дефицитини қисқартириш, даромадларни кўпайтириш, жумладан, ишчилар сони ва иш ҳақини легаллаштириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган.
2019 йилги Бюджетномани, шунингдек, солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар бўйича тегишли қонун лойиҳасини пухта ишлаб чиқиб, яқин вақт ичида Олий Мажлисга тақдим этиш вазифаси қўйилган.
Қўшилган қиймат солиғи тўлашнинг соддалаштирилган механизмини жорий этиш, мавжуд имтиёзларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, оптимизация қилиш бўйича ҳам топшириқлар берилган.
2019 йилги бюджетнинг харажатлар қисми муҳокама қилинар экан, Президент уни асосан ижтимоий ва иқтисодий соҳаларга йўналтириш зарурлигини таъкидлаган.
– Келгуси йил ҳам бюджетдан тўланадиган ойлик, пенсия ва нафақаларни инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириш сиёсатини давом эттиришимиз керак. Бунда ойлик маошининг ўсиши нисбатан паст бўлган ижтимоий соҳа ходимларига асосий эътибор қаратиш, жумладан, тиббиёт ходимларининг ойлигини 26,5 фоизга, олий таълим ва фан муассалалари ходимлари иш ҳақини 1,5 баробарга ошириш зарур, – деган давлат раҳбари.
Йиғилишда таъкидланганидек, ижтимоий нафақалар учун маблағлар ҳажмини 20 фоизга кўпайтириш, умуман, ойлик ва унга тенглаштирилган тўловларнинг давлат бюджети харажатидаги улушини 49 фоиздан 54 фоизга ошириш режалаштириляпти.
Бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бу борада назоратни янада кучайтириш бўйича ҳам топшириқлар берилган. Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилган.