Марказий банк келаси уч йилда инфляция даражаси қандай бўлиши юзасидан тахминларни маълум қилди.
Ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсатининг муҳим вазифалари сифатида инфляция даражасини пасайтириш ва инфляцион таргетлаш режимига ўтиш учун асос яратиш, шу жумладан пул-кредит сиёсати инструментлари ва трансмиссион механизмларини ривожлантириш каби вазифалар белгилаб олинди.
Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари дастурий ҳужжат ҳисобланиб, у жорий макроиқтисодий ҳолат ва ташқи иқтисодий вазият таҳлили, шунингдек ташқи ва ички шароитларнинг ривожланиш прогнозлари асосида ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжат ўз ичига, ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсатининг мақсад ва тамойиллари, пул-кредит соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлили ва кутилаётган натижалар, макроиқтисодий ривожланиш сценарийлари ҳамда ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсати инструментларини такомиллаштириш чораларини қамраб олган.
Аввалги йиллардан фарқли равишда жорий йилда асосий йўналишлар келгуси 3 йиллик давр учун ишлаб чиқилиб, унда иқтисодиётнинг ривожланиши сценарийлар асосида кўриб чиқилди.
Иқтисодиёт ривожланишининг асосий сценарийсига асосан ЯИМ ўсиш суръати 2018 йил якунига кўра 5,2 фоиз, 2019 йилда эса 5,4 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда. Ўтган ва жорий йилларда инвестицион фаолликнинг ошиши ҳамда иқтисодиётнинг реал секторида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини янада тезлашиши кутилмоқда.
Асосий сценарийга кўра йиллик инфляция даражасининг прогноз кўрсаткичлари 2018 йилда 16-17 фоизни, 2019 йилда 13,5-15,5 фоизни ва 2020 йилда 10-12 фоизни ташкил этади. 2021 йилдан бошлаб йиллик инфляция даражаси бир хонали кўрсаткичгача пасайиши кутилмоқда.
Муқобил сценарийда эса, ташқи ва ички шароитларнинг ёмонлашуви ҳамда таркибий ислоҳотларнинг кутилган натижа бермаслиги ҳисобига 2019 йилда инфляция даражасининг 17-18 фоизгача ўсиши кутилмоқда.
Иккала сценарийда ҳам Марказий банк пул-кредит сиёсатини юритишда эҳтиёткорона ёндашувдан фойдаланиб, пул-кредит шароитларини бир маромда қатъийлаштириб боришни кўзда тутмоқда. Бунда, муқобил сценарийда янада қатъийроқ чоралардан фойдаланилади.
Асосий йўналишлар Бошқарувнинг очиқ йиғилишида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда тўлдирилиб, тўлиқ шакли Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.