Бугундан бошлаб бир қатор қонун ҳужжатларидаги айрим нормалар кучга кирди.
Шунингдек, 1 август мамлакат бўйлаб киракашларнинг энг кўп даромад кўрадиган куни ҳамдир. Улар ҳам бундай имкониятдан ярим ой давомида фойдаланиш имкониятини қўлга киритдилар.
Ўтган йиллар давомида ОТМларга кириш имтиҳонларида коррупция авжига чиқиб, турли ўйинлар бўлиб келган. Шу йилдан бундай имкониятлар ҳам чекланди. Булардан ташқари, 2018 йилнинг 1 августдан бир қатор қонун ҳужжатларидаги айрим нормалар кучга кирди. Уларнинг айримлари билан қуйида қисқача таништириб ўтамиз.
1. 2018 йил 1 августдан республика ҳудудлари кесимида аҳолига суюлтирилган газни сотишнинг ягона чакана нархи 800 сўм этиб белгиланади. Бу Ҳукуматнинг 2017 йил 29 декабрдаги қарорида назарда тутилган. Бу кунгача суюлтирилган газ нархи ҳудудлар кесимида 500 сўмдан 720 сўмгача белгиланган эди.
2. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакаси ошириш фаолияти билан бугундан бошлаб нодавлат таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган бошқа юридик шахслар шуғулланиши мумкин.
3. 2018 йил 1 августдан қуйидаги ташкилотлар тугатилади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси;
Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекцияси;
Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси;
“Ўзсувназорат” республика сув инспекцияси;
“Ўздавуруғназоратмарказ” қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш давлат маркази;
“Ўзстандарт” агентлигининг “Ўзбекистон пахта маҳсулотларини сертификатлаш “Сифат” маркази” давлат корхонаси
4. “Ўзбекистон Республикасида грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ эндиликда гриппнинг оғир шаклларига ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларни юқтирганликда гумон қилинаётган шахсларга ушбу вирус турлари бўйича мажбурий ташхис қўйиш бўйича норма бугундан кучга кирди.
5. 2018 йил 1 августдан бошлаб штатдаги ходимларининг 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан ташкил топган ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари корхоналари жами ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 4,7 фоиз миқдорда белгиланади.
6. 2018 йил 1 августдан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш учун ҳудудларни тадбиркорларга бириктириб бериш фақат танлов асосида, ноль ставкадан бошланувчи электрон аукцион йўли билан “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади.
7. Бугундан Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари тан олинади (рўйхатдан ўтказиш шарт бўлмайди). Илгари дори воситалари албатта Ўзбекистонда қайта давлат рўйхатидан ўтиши шарт эди.
8. Ташқи миграция соҳасида ҳам ўзгаришлар бўлади.
Жумладан, бугундан бошлаб:
хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларга хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби бекор қилинади;
хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш ҳақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилади, бунда тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилади.
9. 2018 йил 1 августдан қуйидагиларни назарда тутувчи марталик субсидиялар берилишини назарда тутадиган ишсизлик бўйича суғурталаш тизими жорий этилди:
аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш харажатларини қоплаш учун энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида пул тўланади;
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мансуб шахсларни квоталанган иш ўринларидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга — ҳар бир қабул қилинган ходим учун ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида пул тўланади;
аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган шахсларни касбга қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган иш берувчилар харажатларини молиялаштиришга учун ҳар бир ходим учун энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида пул тўланади.
10. Бугундан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги норма кучга кирди. Албатта бунинг учун тегишли рухсатномани олиш зарур.
11. 2018 йил 1 августдан айрим соҳа вакилларининг иш ҳақлари оширилади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларининг иш ҳақи миқдори 2 баравар оширилади.
Бундан ташқари “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга биноан белгиланган судлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига ойлик иш ҳақини ошириш бўйича белгиланган нормалар ҳам бугундан кучга киради.
2018 йил 1 августдан бошлаб солиқ органлари ходимларининг лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти 1,7 бараварга оширилган миқдорда қўлланилади.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш кучлари таркибида хизмат олиб бораётган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларга ҳам лавозим маошининг 50 фоизигача бўлган миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартиби ҳам кучга кирди. Бунинг учун мазкур ходимлар патруллик ҳудудида оғир ва ўта ўғир жиноятларга бевосита чек қўйиши, уларни аниқлаши, тергов ва суддан яширинган шахсларни ушлаши лозим.