Тўрақўрғон туманида қуввати 900 мВтли ИЭС қурилиши 2020 йилда тугалланади.
2013 йил 28 мартда қуввати 900 мВтли иссиқлик электр станциясини қуришни ташкиллаштириш бўйича қарорга асосан Тўрақўрғон туманида барпо иссиқлик электр станцияси барпо этиш режалаштирилган эди.
2013–2020 йилларга мўлжалланган лойиҳага кўра, ҳар бири 450, умумий қуввати 900 мегаваттли иккита замонавий буғ-газ турбинасини қуриб ишга тушириш кўзда тутилган. Ушбу иншоот Фарғона водийси вилоятларида электр энергиясига бўлган эҳтиёжни тўла таъминлайди.
Лойиҳа қиймати 1 миллиард 200 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, Япониянинг JICA, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ва давлат бюджети томонидан молиялаштирилмоқда.
ЎзА хабарига кўра, Станция қурилиши 2013 йилда бошланган бўлиб, ҳозиргача объектга олиб борувчи йўл ва коммуникация тармоқлари, дирекция маъмурияти учун икки қаватли бино, ёнғин хавфсизлиги хизмати иншоотлари, соатига 120 кубометр бетон ишлаб чиқариш қувватига эга завод ва бошқа ёрдамчи хўжалик иншоотлари қуриб битказилди.
Айни пайтда келгусида станцияда ишлайдиган 750 нафар ишчи-хизматчи учун турар-жой бинолари қуриш, ичимлик суви тармоғини тортиш, буғ-газ қурилмаси, диспетчерлик пункти, марказий ва бошқа омборхоналар барпо этиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Режадаги 2 миллион 513 минг кубометрдан зиёд ер ишларидан 1 миллион 925 минг кубометри бажариб бўлинган.
Иссиқлик электр станцияси учун 90 гектардан зиёд ер ажратилган бўлиб, бу ерда 370 дан зиёд ишчи-хизматчи, жумладан, 42 нафар хорижлик мутахассис меҳнат қилмоқда.
Энергоблоклар қурилиши Япониянинг Mitsubishi corporation ва Mitsubishi hitachi power system компаниялар консорциуми бош пудратчилигида бажарилади. Лойиҳада Туркиянинг Calik energi компанияси ҳам бош ёрдамчи пудратчи сифатида ҳамкорлик қилмоқда. Қурилиш ишлари сифати эса буюртмачи ва унинг консультанти – Япониянинг TEPSKO компанияси томонидан назорат қилиб борилади.
Маълумотларга кўра, 1-энергоблоки 2019 йилнинг декабрида, 2-энергоблоки ва иссиқлик электростанциясининг тўлиқ ишга туширилиши 2020 йил март ойига мўлжалланган.
Шубҳа йўқки, мазкур лойиҳанинг 1- ва 2-энергоблоки ҳамда иссиқлик электростанциясининг тўлиқ ишга туширилиши — Фарғона водийсида электр ва иссиқлик таъминотидаги айрим камчиликларни бартараф этади.