Иккала ҳаво транспортида бўлган экипаж аъзолари-ю йўловчилардан ташқари аэропорт ходимлари ҳам жабр кўрди. Ушбу фожиа бир лаҳзада 582 кишини ҳаётдан олиб кетди...
Замонавий техника ва технология тараққий топгани сари уларнинг самараси билан бир қаторда улар туфайли рўй бераётган фожиалар қамрови ҳам ўсиб келмоқда.
Аслида “ҳимояланиш учун” дея яратиладиган қуроллар миллионлаб тинчликсевар кишиларнинг ёстиғини қуритмоқда...
Инсоннинг оғирини енгил, узоғини яқин, мушкулини осон қилган илмфан ютуқлари минглаб кишиларнинг фожиали ўлимига сабаб бўлмоқда.
Ўтган асрда яшаб ўтган таниқли физик олимнинг фикрича, бу — инсоният тарихи қўлга киритаётган тараққиёт ютуқлари учун берилаётган қурбонликлардан ўзга нарса эмас!
Эътиборингизга ўша “қурбонликлар” дея таъриф берилган фожиали воқеаҳодисаларни “Олам” туркумининг давомли маълумотлари сифатида ҳавола этамиз.
Мақсад — кишиларнинг ўз вазифаларини сидқидилдан, масъулият, хушёрлик ва зийраклик билан бажаришига чақириш!
АЭРОКОСМИК ҲАЛОКАТЛАР
- 1913 йил 9 сентябрь — Германиянинг шимолий ҳудудидаги Гельголанд ороли яқинида йирик немис дережабили ҳисобланган Цеппелин “L-1” (немис конструктори Фердинанд Цеппелин \1838–1937\ шарафига номланган дастлабки ҳаво кемалари) ҳалокатга учраб, экипаж аъзоларининг аксарият қисми чўкиб ҳалок бўлдилар;
- 1933 йил 4 декабрь — америкаликларнинг “Акрон” (Қўшма штатларнинг шимолишарқидаги шаҳар номига қўйилган) номли дастлабки ҳаво транспорт тури сув ҳавзасига қулаши оқибатида 73 киши ҳаётдан кўз юмади. Бу воқеа дирижаблда содир бўлган энг катта фожиа сифатида қайд этилган;
- 1934 йил 30 январь — 22 километр баландликни ишғол қилиб рекорд ўрнатган “Осоавиахим-1” номли совет стратостати (ҳавонинг стратосфера қатламигача \8–10 кмдан 50–55 кмгача\ кўтарилишга мослаштирилган аэростат) ҳалокатга учрайди. 3 кишидан иборат экипаж аъзолари ҳаётдан бевақт кўз юмадилар;
- 1935 йил 18 май — Максим Горкий номига қўйилган “АНТ-20” русумли саккиз двигателли самолёт парвоз давомида кузатувчилик вазифасини ўтаган кичик ҳаво транспорти билан тўқнашиб кетади. Натижада 80 нафар йўловчи ва 8 кишидан иборат экипаж аъзолари ҳалок бўладилар;
- 1953 йил 3 май — кучли бўрон туриши оқибатида дунёдаги биринчи реактив лайнер — “Комета-1 G-ALYV” ерга қулаб тушди. Ҳалокат содир бўлган жой: Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳри яқинидаги ҳудуд. Ушбу бахтсиз ҳодиса 43 кишининг ҳаётига зомин бўлди;
- 1969 йил 16 март — Венессуэланинг Маракайбо шаҳридан ҳавога кўтарилган “DС-9” русумли самолёт ҳалокатга юз тутди. Бахтсиз ҳодиса 155 кишини ҳаётдан олиб кетди;
- 1971 йил 30 июнь — “Союз-11” номли космик станция Ерга қўнаётиб герметик ҳолати бузилиши оқибатида ёниб кетади. Волков, Добровольский ва Пацаев исмли уч нафар фазогир фожиали ўлим топади;
- 1974 йил 3 март — Туркиянинг “DC-10” русумли фазо станцияси Париж осмонида ҳалокатга учрайди. Ушбу фожиа ҳам сунъий йўлдошнинг юкхонасида пайдо бўлган герметик ҳолатнинг бузилиши оқибатида содир бўлади. Натижада 346 киши ҳалок бўлди;
- 1976 йил 3 август — “Боинг-707” русумли самолёт Мароконинг Агадир шаҳри яқинидаги тоғ ёнбағрига қулайди. 188 киши аянчли ўлим топади;
- 1977 йил 27 март — Канар ороллари таркибига кирувчи Тенерифе аэропортидаги кўниш майдончасида иккита “Боинг-727” самолёти тўқнашиб кетиши натижасида мисли кўрилмаган фожиа содир бўлди. Иккала ҳаво транспортида бўлган экипаж аъзоларию йўловчилардан ташқари аэропорт ходимлари ҳам жабр кўрди. Ушбу фожиа бир лаҳзада 582 кишини ҳаётдан олиб кетди;
- 1979 йил 25 май — Ақшнинг Чикаго шаҳридаги “О’хара” халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилган “DC-10” русумли самолёт ҳалокатга юз тутди ва 275 кишининг бевақт ўлимига сабабчи бўлди;
- 1980 йил 19 август — Саудия Арабистони ҳаво йўлларига тегишли “Тристар” русумли самолёт Эр-Риад аэропортига ҳалокатли қўниши оқибатида 301 киши фожиали ўлим топди;
- 1985 йил 12 август — Япония ҳаво йўллари тизимига қарашли “Воинг-747” Огура тоғи осмонида портлаб кетди. Ушбу ҳалокат 520 нафар кишининг ҳаётига нуқта қўйди;
- 1986 йил 28 январь — АҚШнинг Канаверал синов майдонидан ўт олган “Челленжер” фазо кемаси орадан бир неча сония ўтмасданоқ портлаб кетди. 7 нафар фазогир шу ондаёқ ҳалок бўлдилар;
- 1991 йил 11 июль — Нигерия аэропортларидан биридан ҳавога кўтарилган “DC-8” русумли самолёт Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрига қўнаётиб ҳалокатга юз тутди. Авиаҳалокат 261 кишининг ўлими билан якунлади;
- 1996 йил 12 ноябрь — Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳридан ҳаво океанига кўтарилган Арабистон ҳаво йўлларига тегишли “Боинг-747” русумли самолёт қўниш майдони томон учаётган Қозоғистон авиатармоғига қарашли “Ил-76” русумли ҳаво кемаси билан тўқнашиб кетиши натижасида фожиали бахтсиз ҳодиса рўй берди. 372 нафар киши ҳаётдан кўз юмди;
- 1997 йил 6 декабрь — Иркутск аэропортидан ҳаводан кўтарилган заҳотиёқ ўша атрофдаги уйларнинг устига қулаган “Руслан” русумли самолётнинг экипаж аъзолари, йўловчилар ва аэропорт билан қўшничиликда яшайдиган маҳаллий аҳоли ҳаётига зомин бўлди;
1998 йил 2 сентябрь — Канаданинг Галифакс ороллари атрофидаги денгизга қулаган “МакдонелДуглас” аэробуси 229 кишининг ўлимига сабаб бўлди.