...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Йилнинг энг яхши спортчиси” Ўзбекистон Миллий кубоги соҳиби аниқланди


20:51, 27.12.2018 Спорт
 2 654

Йил спортчисига кубог, гувоҳнома ва пул мукофоти топширилади.

Бугун, 27 декабрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида махсус комиссия 2018 йил якунларига кўра мамлакатнинг энг яхши спортчиси сифатида кимни тан олиш масаласини муҳокама қилди.
 
Йиғилишда спорт федерациялар (уюшмалар)идан келиб тушган таклифлар кўриб чиқилиб, 2018 йил якунлари бўйича миллий терма жамоа аъзоларининг комплекс мусобақалар ва жаҳон чемпионатларидаги иштироки таҳлил этилди.
 
Жорий йилда ўтказилган жаҳон чемпионатлари, Индонезия мезбонлик қилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида ҳамда Аргентина қабул қилган ўсмирлар ўртасидаги III Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган 28 нафар спортчи “Йилнинг энг яхши спортчиси” Ўзбекистон Миллий кубогига даъвогар сифатида эътироф этилганди.
 
1-10 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 102 килограммгача вазн тоифасида даст кўтаришда жаҳон рекордини янгилаб, олтин медаль билан тақдирланган Акбар Жўраев мамлакатда йилнинг энг яхши спортчиси номига бошқалардан кўра муносиброқ экани таъкидланди.
 
Ўша чемпионатда 19 ёшли атлет иккикурашда ёшлар ўртасида жаҳон рекордини янгилагани, амалдаги олимпия ўйинлари чемпиони ҳамда ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони каби кучли рақибларни ортда қолдиргани таҳсинга лойиқ.  Шунингдек, Акбар Жўраев баҳорда ёшлар ўртасида Осиё чемпиони унвонига сазовор бўлди, ёзда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати кумуш медалини қўлга киритди. Декабрь ойида Доҳада ўтказилган Токио-2020 олимпия ўйинларига йўлланма олиш учун рейтинг очколарини тўплаш имконини берувчи нуфузли халқаро мусобақада учта медаль эгасига айланди.
 
Комиссия аъзолари Акбар Жўраевни “Йилнинг энг яхши спортчиси” Ўзбекистон Миллий кубоги, белгиланган намунадаги гувоҳнома ҳамда 10 минг АҚШ долларига тенг миқдоридаги пул маблағи билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорни қувватлаб якдиллик билан овоз берган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Йилнинг энг яхши спортчиси Акбар Жўраев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!