Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳунармандлар фаолиятини қўллаб-қувватловчи фармонни имзолади.
Ушбу фармонга асосан “Ҳунарманд” уюшмасини Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига аъзо сифатида аъзолик бадали тўловисиз киритиш белгиланган.
Бундан ташқари, “Ҳунарманд” уюшмаси раисини мавқеи бўйича Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига тенглаштириш тўғрисидаги топшириқ берилган. “Ҳунарманд” уюшмасининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳам ўз навбатида Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосарига тенглаштирилган.
2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандчилик субъектлари, “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотларини (товар, иш, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилиши тартиби ўрнатилган.
Ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилди.
Қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлайди.