Президент ҳунармандлар фаолиятини қўллаб-қувватловчи ҳужжатни қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ўзбекистон халқларининг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш ва кўпайтириш, миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли ва комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шу асосда аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар республикамизда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини (кейинги ўринларда ҳунармандчилик деб аталади) янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
биринчидан, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар ва оилалар, айниқса, янгитдан ўз фаолиятини бошлаган ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, “Уста-шогирд” мактаблари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, ва шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш;
иккинчидан, ҳунармандчилик субъектларига давлат рўйхатидан ўтишда кўмаклашиш, уларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, уларни асбоб-ускуналар, жиҳозлар, хомашё ва материаллар билан узлуксиз таъминлаш, уларга имтиёзли кредитлар бериш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш;
учинчидан, халқ ҳунармандчилиги ва ижодий анъаналари кенг ривожланган шаҳар ва туманларда ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари ташкил этиш, ҳунармандчиликнинг ноёб турларини қайта тиклаш ва янада ривожлантириш, истеъмолчиларга ҳунармандчилик маҳсулотлари етказиб бериш учун бозор инфратузилмасини шакллантириш;
тўртинчидан, ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантириш, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини тақдимот қилишга кўмаклашиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва «Ҳунарманд» уюшмасининг қуйидаги таклифлари қабул қилинсин:
“Ҳунарманд” уюшмасини Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига уюшган аъзо сифатида аъзолик бадали тўловисиз киритиш;
“Ҳунарманд” уюшмаси раисини мавқеи бўйича Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига, “Ҳунарманд” уюшмасининг ҳудудий бошқарма бошлиғини Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосарига тенглаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги туман ва шаҳар Тадбиркорларга кўмаклашиш марказлари томонидан ҳунармандларга ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашиши бўйича сўзсиз равишда хизматлар кўрсатиш, жумладан ўз бизнесини ташкил этиш ва ривожлантириш кўникмаларига ўргатиш, ҳунармандчилик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, янгитдан ўз фаолиятини бошлаётган ҳунармандчилик субъектларига кўргазмалар ташкил этишни назарда тутиш.
3. 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандчилик субъектлари – “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари:
ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилиши;
ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилиши;
қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлаши белгилаб қўйилсин.
4. Қуйидагилар:
ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган буюм ва товарлар (иш, хизматлар) турларининг янгиланган рўйхати 1-иловага мувофиқ;
2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш йиғма дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 2-иловага мувофиқ, шунингдек, 2018-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишнинг манзилли дастурлари 2.1-2.14-иловаларга мувофиқ;
2018-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳунармандчилик объектларини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар (кейинги ўринларда Комплекс чора-тадбирлар деб аталади) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.И.Икромовга, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.А.Хаитовга, “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбарларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига, вазирлик, идора, тижорат банклари ҳамда масъул ижрочи ташкилотлар раҳбарларига Дастур ва Комплекс чора-тадбирларни белгиланган муддатларда сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, бошқа масъул вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиялар деб аталади) 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Қуйидагилар ҳудудий комиссияларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
тегишли ҳудудларда манзилли Дастур ва Комплекс чора-тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
ҳунармандчиликнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни, жумладан, уларга ер майдони, бинолар ажратиш, уларни ишлаб чиқариш ва коммуникация объектларига уланиш, кредит ресурслари ва хомашё билан таъминлаш масалаларини ўз вақтида ҳал этиш;
ҳудудларда ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини қуриш ва реконструкция қилиш, жумладан, ушбу марказлар қурилишининг манзилли рўйхатини ишлаб чиқиш, уларга ҳунармандчилик субъектларини жойлаштириш, қурилаётган объектларнинг намунавий лойиҳасини тасдиқлаш ишларини мувофиқлаштириш;
ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни сотиш, шунингдек, экспорт қилишга кўмаклашиш бўйича ҳудудларда чора-тадбирларни амалга оширишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан аҳолини ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик, касаначилик соҳаларида бандлигини ошириш учун ҳунармандчилик ва тадбиркорлик субъектларига имтиёзли микрокредитлар бериш бўйича, банк кредит сиёсатига аралашмаган ҳолда, “Микрокредитбанк”АТБ тавсиялар тақдим этиш.
6. Ҳунармандчилик фаолияти субъектлари – “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига имтиёзли микрокредитлар бериш, шунингдек, 5-иловадаги схемага мувофиқ ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари қуриш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банкининг Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 5 йил муддатга мўлжалланган жами 50 миллион АҚШ доллари миқдорида, жумладан “Микрокредитбанк” АТБ, “Халқ банки” АТБ ва “Агробанк” АТБ (кейинги ўринларда тижорат банклари деб аталади) учун 2 йил имтиёзли давр билан 2,5 фоизли йиллик ставка бўйича кредит линияси очиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бир ой муддатда юқорида қайд этилган тижорат банкларига улар томонидан ҳунармандчилик фаолияти субъектларига миллий валютада имтиёзли микрокредитлар ажратиш учун кредит линиялари очишни қуйидаги шартларда таъминласин:
имтиёзли микрокредитлар олти ой имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, икки йил муддатга, энг кам ойлик иш хақининг 300 баробаридан ошмаслиги зарур;
ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар харид қилишда имтиёзли микрокредитларнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизини, айланма маблағларини тўлдириш учун эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш фоиз ставкаси даражасини ташкил этиши;
имтиёзли микрокредитлар пул маблағларини қарз олувчининг ссуда ҳисобрақамидан унинг тўлов топшириқномасига мувофиқ, ушбу Фармонда назарда тутилган мақсадлар учун тегишли ташкилот ёки жисмоний шахснинг талаби бўйича депозит ҳисобрақамига ўтказиш йўли билан кейинчалик ушбу ташкилот ёки жисмоний шахсга хизмат кўрсатувчи банк тариф сиёсатига мувофиқ, нақд пул олиш имконияти билан тақдим этилади.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ташаббускорлар ва тижорат банкларининг кредит маблағларини жалб этган ҳолда, 6-иловадаги рўйхатга мувофиқ, 2018-2019 йилларда ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ўз вақтида қуриш ва фойдаланишга топширишни қуйидагиларга эътиборни қаратган ҳолда таъминласин:
ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини тарихий-анъанавий архитектура услубида қуриш, уларга зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини тортиб бориш ва ҳудудларида карвонсарой (меҳмонхоналар), кафе, ресторан ва туристларни жалб этиш учун бошқа объектларни жойлаштириш;
ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари ҳудудида “тарихий шарқ бозори” услубида савдо расталари ва халқ ижоди (дорбоз, полвон, масхарабозлар ва бошқалар) кўргазмалари учун махсус жойлар ажратиш;
мазкур марказларда қурилаётган турар жой биноларининг биринчи қаватида устахона ва савдо иншоотлари, юқори қаватларида ҳунармандлар учун турар жойлар ташкил этиш.
8. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сон қарори билан тасдиқланган миқдорда 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳунармандчиликда аҳоли бандлигини оширишга имтиёзли микрокредитлар ажратиш учун “Микрокредитбанк” АТБга йиллик 2 фоизли ставка бўйича 50 миллиард сўм миқдорида ресурслар ажратилишини;
банд бўлмаган аҳолига, айниқса, ёшларга “Уста-шогирд” усулида такомиллаштирилган ўқув дастурлари бўйича ҳунармандчилик сир-асрорларини ўқитиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 2018-2019 йилларда 1 миллиард сўм миқдорида маблағлар ажратишни таъминласин.
9. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси, шунингдек, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан имтиёзли микрокредитлар “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган ва мазкур Фармоннинг 1-иловасига мувофиқ ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширувчиларга берилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда ҳунармандлар томонидан, айниқса, ҳунармандчилик билан шуғулланувчи қизларга мини-технологиялар, асбоб-ускуна ва зарур жиҳозларни сотиб олиш учун, шунингдек, айланма маблағларни тўлдириш учун имтиёзли кредитлар берилишини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда, ёш ҳунармандлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланадиган мажбурий суғурта тўловлари олинган кредитлар тўлови сифатида ҳисобланиши белгилаб қўйилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига:
тижорат банкларининг буюртманомалари бўйича ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ажратилган микрокредитларни тўлаш ҳисобига келиб тушган миллий валютадаги маблағларини конвертация қилишни амалга ошириш;
тижорат банклари ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда тижорат банкларининг расмий веб-саҳифаларида ҳунармандчилик фаолияти субъектлари учун имтиёзли микрокредитлар тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш имкониятини берувчи электрон хизматларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш тавсия этилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмасининг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ҳунармандчиликнинг талаб юқори бўлган турлари бўйича касб-ҳунар таълими йўналишларини очиш, 7-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилаётган касб-ҳунар коллежларида ўқитувчи ва касбий таълим устаси сифатида “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо ҳунармандларни кенг жалб қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
“Ҳунарманд” уюшмасига аъзо ҳунармандларга касб-ҳунар коллежларининг махсус устахоналарида ҳунармандчилик бўйича таълим беришда якка тартибдаги тадбиркорлар каби шартнома тузиш ва кўрсатилган хизмат учун солиқ тўламаслик ҳуқуқи берилади;
“Уста-шогирд” мактаби ўқувчиси сифатидаги иш даври 25 ёшга етгунга қадар энг кам ойлик иш ҳақининг камида 2,5 баробари миқдорида суғурта тўлови тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшилади.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
ҳунармандчилик билан шуғулланувчи шахслар учун ташқи реклама воситасини жойлаштирганлик учун маҳаллий бюджетга тўловнинг амалдаги ставканинг 50 фоизидан ошмайдиган имтиёзли тартибини жорий этсин;
икки ойлик муддатда бозорлар, туристик, меъморий-маданий объектлар ҳудудларида, шунингдек, йирик савдо марказларида ҳунармандларга ўз маҳсулотларини сотиш учун барча зарурий шарт-шароитларга эга бўлган савдо расталари ташкил этилишини таъминласин.
13. Белгилансинки:
ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисобрақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда олиш ҳуқуқи берилади;
хорижий мамлакатларда ўтказилган кўргазма, танлов, ярмарка давомида сотилган ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорт шартномалари тузилмасдан амалга оширилиши мумкин, бунинг натижасида олинган даромад эса экспорт тушуми ҳисобланмайди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Савдо-саноат палатаси, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк, “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:
икки ой муддатда хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, танлов, ярмаркаларда намойиш этиш учун ҳунармандчилик маҳсулотлари олиб чиқишнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
ташқи бозорларда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини кенг танитиш функциясини ўзига оладиган Ўзбекистон Республикаси хўжалик субъектларининг хорижий мамлакатларда очилган савдо уйлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг чет элдаги савдо-инвестиция уйлари жалб этилишини таъминласин;
бир ой муддатда маҳаллий тадбиркорларнинг хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда кенг иштирок этишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар комплексини тасдиқласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда халқимизнинг кўп асрлик анъаналари ва маданий ҳаётини кенг ёритиш, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатини намойиш этишга йўналтирилган “Шарқ марвариди” Ўзбекистон анъанавий санъат халқаро фестивалининг ҳар йили сентябрь ойида ташкил этилишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
8-иловага мувофиқ, 2018-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳунармандчиликнинг турли йўналишлари бўйича кўргазма ва фестиваллар, халқаро конференциялар ўтказиш чора-тадбирлари ўз вақтида амалга оширилишини;
ҳар йили ҳунармандчилик маҳсулотларининг “Олтинқўл ҳунарманд” халқаро кўргазмаси ташкил этилишини таъминласин.
16. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
доимий савдо жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар томонидан касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади;
ҳунармандлар учун давлат мулки объектлари учун ижара тўлови белгиланган энг кам тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади;
ҳунарманд хусусийлаштириш дастури доирасида (“ноль” харид қийматида) сотиладиган давлат мулки объектини олиш хоҳишини билдирган тақдирда, ушбу объект ҳунармандга баҳоланган қийматида (бошланғич инвестиция мажбуриятлари билан) очиқ савдоларга (танловга) қўйилмасдан тўғридан-тўғри шартнома асосида сотилади (берилади);
бир неча ҳунарманд бир объектни (“ноль” харид қийматида) олиш истагини билдирган тақдирда, ушбу объект белгиланган тартибда очиқ савдога (танловга) қўйилади ва унда фақат ушбу ҳунармандлар иштирок этади.
Белгилансинки, ушбу бандда кўрсатилган шартлар асосида ҳунармандларга берилган объектлардан камида 5 йилдан кам бўлмаган вақт давомида ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида фойдаланилиши лозим.
17. Ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун хомашё ва материаллар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида:
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси “Ҳунарманд” уюшмасининг буюртманомалари бўйича ҳунармандларга ипак хомашёси ва ипак толасини ажратилишини таъминласин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари икки ой муддатда ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланувчи ҳунармандларга ўз фаолиятини амалга ошириш учун хомашё сифатида ишлатиладиган дарахт турларини экиш ва парвариш қилиш учун зарур ер майдонлари ажратиш чораларини кўрсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 31 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатни янада ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-1741-сон Фармонининг 4 ва 5-бандлари ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.
19. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банки, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
20. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров, Савдо-саноат палатаси раиси А.И.Икромов ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.А.Хаитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент, 17 ноябрь