Фестиваль ўн биринчи бор Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонида, 25-30 август кунлари ўтказилади.
1997 йилда илк ташкил этилган “Шарқ Тароналари” халқаро мусиқа фестивалида 31 давлатдан мусиқий гуруҳлар ҳамда ижрочилар иштирок этган эди.
“Шарқ тароналари” фестивали нуфузи ошаётганини унда қатнашиш истагини билдираётган давлатлар ва иштирокчилар сонининг йилдан йилга ошишида кўриш мумкин. Ўн биринчи марта ўтказиладиган фестивалда дунёнинг 60 га яқин мамлакати вакиллари иштирок этади. Бу ҳақда Фестивалнинг расмий сайти хабар берди.
Фестиваль кунлари давомида “Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши” мавзусида илмий-назарий конференция ташкил этилиши режалаштирилган. Унда 20 дан ортиқ давлатдан ташриф буюрган етакчи мусиқашунослар, санъатшунос олимлар, маданият ва санъат арбоблари ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўладилар.
Кеча, 24 август куни “Шарқ тароналари” - ХI Халқаро мусиқа фестивали доирасида Самарқанд шаҳар Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Оламга таралгин, Шарқ таронаси!” мавзусида кўргазма иш бошлади. Мазкур кўргазмада музей-қўриқхона жамланмаларида сақланаётган миллий чолғу асбоблари, археологик ашёлар, фестиваль тарихига оид ҳужжатлар, саҳна либослари, фото лавҳалар, иштирокчи давлат вакиллари томонидан тақдим этилган мусика чолғу асбоблари намойиш этилмокда.
Кўргазмада эрамиздан аввалги даврларга ҳамда бугунги кунга мансуб 200 га яқин турли мусиқа ва чолғу асбоблари намойиш этилди. Улар орасидаги Ургут тумани Мўминобод қишлоғидан ҳамда Афросиёб шаҳристони қолдиқларидан топилган эрамиздан аввалги Иккинчи мингйилликка ва милодий VIII асрга оид ноёб най созлари, айниқса, томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Кўргазмада “Шарқ тароналари” Халқаро мусиқа фестивалининг ўтган босқичларида иштирок этиб олий ва биринчи ўринларни қўлга киритган юртимизнинг хушовоз хонандалари: Муножот Йўлчиева, Насиба Сатторова, Дилнура Мирзақулова, Ўлмас Саиджонов, Абдунаби Иброҳимов ва Замира Суюноваларнинг саҳна либослари ҳам ўрин олган. Шунингдек, фестивалда қатнашган Филиппин, Таиланд, Италия, Германия ва Россия Федерацияси каби давлатларнинг мусиқий жамоалари томонидан тақдим қилинган миллий мусиқа асбоблари ҳам томошабинлар қизиқишига сабаб бўлмоқда.