...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Бизнесни юритиш 2017” халқаро рейтингида Ўзбекистон ўтган йилдаги ўрнини сақлаб қолди


12:11, 26.10.2016 Жамият
 1 944

Унда Ўзбекистон дунёнинг 190 давлати ичида 87-ўринни эгаллаб, ўтган йилдаги мавқеини сақлаб қолди.

Кеча, 25 октябрь куни Жаҳон банки “Бизнесни юритиш 2017: бошқарув сифатини ва самарадорлигини баҳолаш” ҳисоботини эълон қилди. Унда Ўзбекистон дунёнинг 190 давлати ичида 87-ўринни эгаллаб, ўтган йилдаги мавқеини сақлаб қолди. Жаҳон банки экспертлари ҳисоботнинг 10 индикаторидан 5 тасида Ўзбекистон позициясини яхшилаган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган тартибини амалиётга жорий этиш ва “ягона дарча” тизимини янада такомиллаштириш туфайли корхонани рўйхатдан ўтказиш бўйича сезиларли ўсиш қайд этилди (25-ўрин, 17 поғонага ўсди). 

Хабарда келтирилишича, бугун Ўзбекистонда одамлар ўз бизнесини очиш учун Швейцариядагидан – 1,8 марта, Германиядагидан – 1,9 марта, Япония ва Россиядагидан – 2 марта, Исроилдагидан – 2,2 марта, Греция ва Испаниядагидан – 2,3 марта, Ҳиндистондагидан – 4,7 марта, Хитойдагидан – 5,5 марта ва Бразилиядагидан – 14,5 маротаба кам вақт сарфламоқда.
 
Рейтингдаги яна бир муҳим яхши кўрсаткич электр тармоғига уланиш йўналиши бўйича қайд этилди (83-ўрин, 29 поғона юқори), бу электр энергиясини етказиб бериш барқарорлигининг ўсиши ва электр энергиясига бўлган тарифларни шакллантиришнинг очиқ-ошкоралиги билан боғлиқдир. 

Замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, акциядорлар ҳуқуқлари ва ролини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар “Миноритар инвесторларни ҳимоялаш” кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз рейтингининг сезиларли даражада яхшиланишига ҳисса қўшди (70-ўрин, 18 поғонага ўсиш).

2016 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолиятини ташкил этиш ва тадбиркорларни жалб этмаган ҳолда ваколатли органлар ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинуви тизимини янада такомиллаштириш эвазига мулкни рўйхатга олиш бўйича мамлакатимиз рейтинги яхшиланди (75-ўрин, 12 поғона юқори).

Таъкидлаш жоизки, жорий йил бошидан мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида “ягона дарча” марказлари фаолият бошлади. У ерда тадбиркорларни рўйхатга олиш, уларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, қурилишга рухсат бериш, турар жойни нотурар жойга қайта расмийлаштириш ва бошқа рухсатномаларни расмийлаштириш каби давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Ўтган давр мобайнида “ягона дарча” марказлари томонидан тадбиркорларга 76 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилди. 

Давлат хизматлари кўрсатишнинг “ягона дарча” тамойилининг жорий этилиши туфайли давлат органларига тадбиркорлик субъектларидан бошқа давлат ташкилотларида мавжуд бўлган ҳужжатлар ва ахборотни, шу жумладан, солиқ қарздорлиги ёки коммунал тўловлар бўйича қарзларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни, шунингдек, таъсис ҳужжатларини, лицензиялар ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар нусхаларини талаб қилиш ман этилди. 

Танлов асосида ер участкаларини ажратишнинг янги механизмининг жорий этилиши ва қурилишга рухсат бериш соҳасидаги қонунчиликни изчил такомиллаштириб борилиши бу йўналишда ҳам мамлакатимиз рейтингини янада яхшилаш имконини берди (147-ўрин, + 4 позиция). 

Амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ер майдонларини ажратиш, қурилишга рухсат бериш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш тартиблари сезиларли даражада соддалаштирилиб, уларнинг ошкоралиги ошди. Натижада Жаҳон банкининг охирги ҳисоботида Ўзбекистон 2015-2016 йилларда ер бошқарув сифатини оширган дунёдаги 17 мамлакат қаторига кирди.
 
Янги ҳисоботга мувофиқ, тадбиркорлар учун солиқ юки даражаси 38,1 фоизни ташкил этиб, бу АҚШ, Германия, Франция, Италия, Австрия, Чехия, Испания, Греция, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва шу каби қатор мамлакатлар кўрсаткичидан анча пастдир. 

Ўзбекистон корхонани рўйхатдан ўтказиш (25-ўрин), шартномалар ижросини таъминлаш (38), кредитлаш тизими (44), миноритар инвесторларни ҳимоялаш (70), мулкни рўйхатдан ўтказиш (75) ва электр тармоқларига уланиш (83) йўналишлари бўйича дунёнинг дастлабки 100 мамлакати қаторидан жой олди. 

“Бизнесни юритиш 2017: бошқарувнинг сифати ва самарадорлигини баҳолаш” ҳисоботи Жаҳон банки гуруҳи йиллик нашрининг 14-сони ҳисобланиб, унда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги тартибга солиш нормалари баҳолаб борилади. 

Тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратиш бўйича жаҳон рейтингини Янги Зеландия бошқармоқда. Шунингдек, энг кучли бешталикдан Сингапур, Дания, Гонконг (Хитой) ва Корея Республикаси жой олган.

Теглар:Жаҳон банки Бизнесни юритиш 2017 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар