Шу кунларда Ўзбекистоннинг сайёҳлик агентликлари Европанинг бир қатор мамлакатларидаги ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказишни бошламоқда.
24 октябрдан 31 октябрга қадар Германиядаги Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Германиянинг Франкфурт-на-Майне, Берлин, Дюссельдорф ва Ганновер шаҳарларида ўзбек ва герман турагентликлари ўртасида сайёҳлик борасида бир қатор учрашувлар ўтказилади. Бу ҳақда хабар қилган “Ўзбектуризм” миллий компанияси Матбуот хизматининг маълумотига кўра, мазкур учрашувлар давомида юртимиз номидан 9 та туркомпания иштирок этади.
10 ноябрдан 17 ноябргача Бенилюкс давлатлари, яъни Бельгия, Нидерландия ва Люксембургда Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси кўмагида Брюссель, Амстердам, Люксембургдаги туроператорлар билан учрашувлар ўтказилиши мўлжалланган. Мазкур учрашувларда Ўзбекистоннинг 24 та сайёҳлик компаниялари иштирок этади.
Бундан ташқари, 10 ноябрь куни Лондонда ўтказиладиган халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида ўзбек ва инглиз тур операторлари ўртасида муҳокамалар ўтказилиши кутиляпти. Лондондаги учрашувда мамлакатимизнинг 9 та компанияси иштирок этади.