Тошкент-Самарқанд йўналишида ҳаракат қилувчи “Afrosiyob” тезюрар электропоезди 15 сентябрдан ўз манзилини Бухорогача узайтирди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамияти ахборот хизматидан хабар қилишларича, Республикамизга ташриф буюрувчи сайёҳлар, қолаверса, юртдошларимизнинг талабини қондириш, саёҳат шароитларини яхшилаш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражасини ошириш ҳамда туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида “Afrosiyob” электропоезди Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Тошкент йўналишида ҳаракатланишни бошлайди.
Поезд ҳар куни ҳаракатланади. У Тошкентдан 08:00да жўнаб, 11:47да Бухорога етиб боради. Бухородан 15:21да йўлга чиқувчи поезд Тошкентга 19:10да етиб келади.
Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида 25 август куни “Afrosiyob” поезди Бухорога илк сафарини амалга оширганди. Тошкент ва Бухоро шаҳри ўртасидаги масофа 600 кмни ташкил қилади. Поезд бу масофани 3 соат 20 дақиқада босиб ўтиши билан аҳамиятлидир. Таққослаш учун, одатдаги поездда манзилга етиб бориш учун 7-8 соат сарфланади.
Маълумот ўрнида, Бухорогача ҳаракатланувчи “Afrosiyob” тезюрар электропоездининг баҳоси эконом-класс учун 96 000 сўм, бизнес-класс учун 128 000 сўмни ташкил этади. VIP мижозлар учун эса чипта баҳоси 178 000 сўм. Шуни айтиш керакки, гуруҳ бўлиб Бухорога саёҳат уюштиришни истаганлар маълум миқдорда чегирмаларга эга бўлишади.