Шарқшунослик институти айнан Уммоннинг молиявий ва консультатив кўмаги асосида янгитдан қурилиб, жиҳозланмоқда.
Суҳбат аввалида икки мамлакатда 22 апрель куни нишонланадиган Ўзбекистон ва Умммон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан томонлар бир-бирларини табрикладилар.
Учрашувда барча соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдан томонлар манфаатдорлиги ҳамда бунинг учун зарур салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Ушбу масалалар Уммоннинг Тошкентдаги элчихонаси ва тез орада Маскатда очилувчи Ўзбекистон элчихонаси фаолиятининг асоси бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти янги биноси айнан Уммоннинг молиявий ва консультатив кўмаги асосида янгитдан қурилиб, жиҳозланмоқда.
Суҳбат давомида халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.
Шу куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Уммон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди доирасида икки томон кун тартибининг асосий масалалари турли соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўзаро қизиқиш мавжудлиги нуқтаи назаридан батафсил муҳокама қилинди.
Маслаҳатлашувларда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон транспорт коридори механизмларининг ишга туширилиши нуқтаи назаридан транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирларда Уммон Элчиси Муҳаммад бин Саид бин Муҳаммад ал-Лаватий иштирок этди.