...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Ёқилғи саноатимизнинг аҳволи юмшоқ қилиб айтганда яхши эмас” – Бош вазир ўринбосари


18:44, 23.10.2018 Жамият
 3 140

Бош вазир ўринбосарининг қарздорлик бўйича келтирган маълумотлари кишининг капалагини қочиради. Наҳот, бунча қарздорлик ҳолати билан фаолият олиб бориш мумкин.

Хабарингиз бор, куни кеча Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 ноябрдан бошлаб электр энергияси, табиий газ ва ёқилғи нархлари ошиши билан боғлиқ қарори жойлаштирилди. Қарор лойиҳаси эълон қилингандан буён одамларда кўплаб эътирозлар келиб чиқмоқда. Нега ошади, қачонгача кимларнингдир ўғрилиги ёки иш билмаслиги ортидан қолган қарзларни халқ тўлайди деган саволлар келиб чиқди.
 
Кўтарилаётган бу каби саволларга Ҳукумат вакиллари бефарқ эмас. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Молия вазири Жамшид Қўчқоров масаланинг моҳиятини одамларга рўй-рост тушунтириш истагида бугун журналистларни бир стол атрофига тўплади.
 
“Ёқилғи саноатимиз, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекэнерго”нинг аҳволи юмшоқ қилиб айтганда яхши эмас. Вазият шу тақлид давом этса, келаси йилда Ўзбекнфетгазнинг зарарлари бир неча триллион бўлади. Ўзбекэнергонинг озгина фойдаси бор, аммо бу фойда билан узоққа бориб бўлмайди. На инвестиция кирита олади, на кредит олади”, деб гап бошлади Бош вазир ўринбосари.
 
Бош вазир ўринбосарининг қарздорлик бўйича келтирган маълумотлари кишининг капалагини қочиради. Наҳот, бунча қарздорлик ҳолати билан фаолият олиб бориш мумкин.


 
Масалан, 2017 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ нинг 8 трлн. сўм қарзлари, шу жумладан “Ўзтрансгаз” АЖ нинг 7,5 трлн. сўм ва “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ нинг 0,5 трлн. сўм қарзлари кечиб юборилган. “Ўзтрансгаз” АЖ нинг қарзлари “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан 3 трлн. сўм, аҳоли томонидан – 2,7 трлн. сўм, “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан 1,4 трлн. сўм ва иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан 0,4 трлн сўм маблағлар тўланмагани натижасида келиб чиққан. Ўз навбатида, “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ дан эса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, асосан фермер хўжаликлари қарз бўлиб қолишган
 
Шу ўринда савол туғилади: бу қарзлар ниманинг ҳисобига келиб чиққан. Ахир, аҳолида сарфланган энергия учун пул ўз вақтида талаб қилиб олиняпти-ку.
 
Табиий газ
 
Табиий газ истеъмолчиларга 1 минг кубометри ўртача 289,7 минг сўмдан сотилмоқда. Аслида, истеъмолчига етказиб бериш харажатини ҳисобга олганда унинг ишлаб чиқариш таннархи - 612,8 минг сўмга тўғри келади. Шундай қилиб, сотилаётган газнинг ҳар минг кубометридан компания 323,1 минг сўм тўғридан-тўғри зарар кўрмоқда.
 
Электр энергияси
 
Ўзбекистонда ҳар йили ўрта ҳисобда 64 млрд. квт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, шундан 83 % табиий газни ишлатиш орқали. Иссиқлик электростанциялари ва иссиқлик электроцентралларда 1 квт/соат электр энергиясининг ишлаб чиқариш таннархи 193,2 сўмни ташкил этади, сотиш нархи эса - 228,6 сўм, қўшилган қиймат солиғини чиқариб ташлаганда 190,5 сўм. Демак, ҳар бир квт/соат электр энергиясини сотишдан “Ўзбекэнерго” АЖ - 2,7 сўмдан зарар кўради.
 
Бензин ва дизель ёнилғиси
 
АИ-80 маркали автобензиннинг 1 литри учун ўрнатилган нарх 3 800 сўмни ташкил этади. Лекин уни ишлаб чиқариш ва истеъмолчига етказиб бериш жараёнида кўрилаётган зарар ҳар 1 литрига 1 414 сўмни ташкил этади. Дизель ёнилғисининг 4 600 сўм/литрга сотиш нархида ҳар бир литридан 1 416 сўм зарар кўрилади.
 
Бу ерда таннархга таъсир этадиган омил маҳаллий хом ашёнинг етишмаслиги ҳамда нефть маҳсулотларини импорт қилиш заруратидир. Айнан шу импорт нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш харажатларининг 75 % дан ортиғини ташкил этади. Қайд этиш лозимки, автобензин ва дизель ёнилғиси учун ҳозирги кунгача амалда бўлган нархлар Brеnt маркали нефтнинг нархи жаҳон бозорида бир баррелига 62 АҚШ доллари бўлган вақтда белгиланган эди. Айни вақтда эса бир баррель нефтнинг нархи тахминан 80 АҚШ долларигача ўсган.
 
Мавзуга яна қайтамиз.
Қамариддин Шайхов, 
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари

Теглар:Жамшид Қўчқоров Энергетика 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар