...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Qalampir” Фуқаролар қабулхонаси: Андижонда яна бозор муаммоси


22:17, 08.06.2017 Жамият
 5 133

Биз мазкур муаммо юзасидан туман ҳокимлиги билан боғландик. Бироқ на ҳоким ва на унинг ўринбосарларини топа олдик.

“Qalampir.uz” таҳририяти халқ ичига кириб бориб, уларнинг дарди ва муаммосини кўтариб чиқиш, ечим топиш мақсадида “Qalampir” Фуқаролар қабулхонаси очган эди. Олдинги сафар сайтимиз рейдга чиққани, Андижон вилоятининг Избоскан, Жалақудуқ, Пахтаобод, Балиқчи туманларида бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Мазкур рейдимизни Избоскан туманида давом эттирамиз. Ушбу ҳудуд аҳолисидан бизга кўплаб мурожаат келиб тушган бўлиб, бу борада мухбиримиз жойларда ўрганиш ишларини олиб боришига тўғри келди.
 
Асосий мурожаат туман марказидаги марказий бозор устидан тушган. Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 27 март куни “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Ушбу қарорга асосан ҳудудларда янги бозорлар қурилиб, эскилари таъмирланмоқда.
 
Маълум бўлишича, Избоскан тумани маркази Пойтуғ шаҳрида яқинда янги бозор фойдаланишга топширилган. Эски бозордаги ноқулайлик ва қийинчиликлардан зада бўлган аҳолини бу янгилик қувонтиргани бор гап. Мухбиримизнинг хабар беришича, янги бозор ҳақиқатан ҳам чиройли, кенг ва замонавий талабларга мос тарзда қурилган. Лекин...
 
Пойтуғ шаҳрида янги савдо мажмуасидан ташқари яна бир ёйма бозор бор бўлиб, унда кийим-кечаклар савдоси амалга оширилади. Бунинг нимаси “лекин” дейишингиз мумкин. Мурожаатларнинг аксарият қисми ҳам шу ҳақда. Бу икки бозор орасидаги масофа нари борса, 2 километрни ташкил қилади. Йўллардаги тирбандлик инобатга олинса, аҳоли кийим бозоридан чиқиб, деҳқон бозорига пиёда бориши, автомобиль йўлидан ҳадиксираб ўтиши керак бўлади. Шунингдек, бозор ёнида темир йўл ҳам мавжуд, бу эса ўзига яраша ноқулайлик ва тирбандликни келтириб чиқаради.
 
Энди масаланинг бошқа томонига эътибор қаратсак. Янги бозор нима учун қурилган? Ушбу савдо мажмуасида деҳқон бозори алоҳида, гўшт расталари алоҳида, хусусий дўконлар алоҳида жойлашган. Кийим-кечак учун ажратилган алоҳида жой ҳам бор. Панжара билан ўралиб, санитария-гигиена талабларига риоя қилинган ҳолда қурилган. Лекин бозорнинг айнан шу жойи бўш ётибди.
 
Аҳоли билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг бу бозордан наригисига қатнашга қийналиб кетган халқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига ҳам бир неча марта мурожаат йўллагани маълум бўлди. Избоскан тумани ҳокимлиги эса негадир шу масалага эътиборсизлик қилаётган экан. Биз мазкур муаммо юзасидан туман ҳокимлиги билан боғландик. Бироқ на ҳоким ва на унинг ўринбосарларини топа олдик. Қабулходагилар эса ўзлари алоқага чиқишларини билдирган эди. Мана, 10 кундирки, улар биз билан боғланишмади.
 
Майли, бозор иккита бўлса, нимаси ёмон, деган фикр ўтиши мумкин. Аҳоли билан суҳбат қилганимизда ҳатто кийим бозоридагилар ҳам Президент порталига “бизни кўчирманг” деган мазмунда мурожаат ёзишгани аниқланди. Аммо янги бозор нега қурилди унда? Кийим бозори нима учун панжара билан алоҳида ажратиб қўйилдию дўконлар хусусий тадбиркорларга нега берилди? Кийим бозоридагиларнинг аксарияти янги бозордаги дўконларга пул тўлаб қўйган.
 
Одамлар талабидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, битта ҳудудда битта марказий бозор бўлиши керак. Чунки одамларда оворагарчилик кузатилмаслиги лозим. Қолаверса, янги бозорда кийим бозори учун санитария-гигиена қоидаларига мос тарзда қурилган махсус жой ҳам бор экан.
 
Биз бу борада вилоят ёки туман мутасаддиларидан расмий изоҳ ва жавоб кутиб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 май куни Избоскан туман ҳокими, прокурори, ИИБ ва ДСИ бошлиқлари ишдан олинган эди.
“Qalampir.uz” таҳририяти

Теглар:Андижон Избоскан бозор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар