5 сентябрь куни Таиланддан Тошкентга учиши керак бўлган самолётнинг техник носоз эканлиги айтилди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК 5 сентябрдан буён Бангкокдан Тошкентга етиб кела олмаётган рейс учун йўловчилардан расман узр сўради.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси раҳбарияти номидан 5 сентябрь куни Бангкок-Тошкент йўналишидаги HY532 рейсининг парвози ушланиб қолганлиги сабаб юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилар ҳамда уларнинг яқинларидан узр сўраймиз.
Шуни маълум қиламизки, рейс парвозининг ушланиб қолиши ҳаво кемасининг носоз бўлганлиги билан боғлиқ. Авиакомпания ўз йўловчиларининг хавфсизлиги учун масъулдир, шу сабаб ҳам самолёт бутунлай яроқли ҳолга келмагунига қадар парвозни амалга ошира олмайди.
Юзага келган вазият юзасидан авиакомпаниянинг Бангкокдаги вакиллари томонидан барча чоралар кўрилди. Авиакомпания қоидаларига биноан, барча йўловчиларга 3 марталик овқатга эга меҳмонхона, аэропорт ва меҳмонхона ўртасида ҳаракатланиш имконияти, яқинлари билан халқаро алоқалар ёрдамида мулоқот қилиш каби имкониятлар тақдим этилди.
Йўловчиларга белгиланган жойга бориш учун мос келадиган ўриндош маршрутлар таклиф этилмоқда. Ҳозирда Бангкокда қолган 30 йўловчининг Тошкентга етиб келиши учун муқобил йўналиш танланмоқда.
Юқорида қайд этилган рейс йўловчиларига ўзгаришлар ҳақида маълумот етказилади.
Авиакомпания раҳбарияти номидан яна бир бор узр сўрашга ижозат бергайсиз, дейилади “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК тарқатган хабарда.