...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Навбаҳор” ва унинг муғомбир футболчилари жаримага тортилди


19:55, 13.08.2018 Спорт
 5 720

Кеча “Бухоро”га қарши ўйинда футболчилар сариқ карточкаларни муғомбирлик йўли билан ишлаб олган.

“Навбаҳор” футбол клуби ва унинг футболчилари жаримага тортилди. Бу ҳақда ЎзПФЛ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Маълум қилинишича, Суперлиганинг 21-тур доирасидаги “Навбаҳор” – “Бухоро” учрашувининг 81, 89 ва 90+4 дақиқаларида мезбонлардан Даврон Ҳошимов, Жаҳонгир Меҳмонов ва Остон Ўрунов бош ҳакам томонидан огоҳлантирилди.
 
Бутун учрашув ва юқорида кўрсатиб ўтилган дақиқаларни алоҳида ўрганиб чиққан ПФЛ комиссияси бу уч футболчининг сариқ карточкага лойиқ кўрилган ҳатти-ҳаракатларини шубҳали баҳолади.
 
Комиссия аъзолари бунда мазкур уч футболчи ҳисобида бунгача 3 тадан сариқ карточка бўлгани, шунингдек, “Навбаҳор”нинг Суперлига 22-туридан жой олган “Қизилқум”га қарши ўйини “олтин очко” тизимидан четда турганини инобатга олган. Қолаверса, футболчилар сариқ карточкаларни муғомбирлик йўли билан “ишлаб олгани” яққол кўринган.
 
Шу муносабат билан Мусобақалар регламентининг “Интизомий ва жарималар кодекси” 5-бўлим 5.6 бандида кўрсатилган “аҳлоқий меъёрларга амал қилмаслик, муғомбирлик ишлатиш ҳамда спортчига хос бўлмаган хулқи учун” қисмига беписандлик билан муносабатда бўлгани учун “Навбаҳор” футбол клуби 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида жаримага тортилди.
 
Регламентнинг юқорида кўрсатилган бандига риоя қилмагани учун футболчилар – Даврон Ҳошимов, Жаҳонгир Меҳмонов ва Остон Ўрунов 22-тур учрашувидан ташқари, эндиликда 23-тур ўйинларидан ҳам дисквалификация қилинди ҳамда ҳар бири 5 000 000 (беш миллион) сўмдан жарима тўлайди.
 
Шунингдек, футболчиларининг бу каби ишларига йўл қўйиб бергани учун “Навбаҳор” мураббийлар штаби Илҳом Мўминжонов жиддий огоҳлантирилди. Бу ҳол унинг бошқарувидаги клуб билан яна бир бор такрорланса, Мўминжоновни жиддий санкциялар кутиши мумкин.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Навбаҳор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!