...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон клубига МЮнинг собиқ футболчиси бош мураббий бўлди


12:21, 08.10.2018 Спорт
 5 337

Тажрибали мутахассис 1991-1995 йилларда “Манчестер Юнайтед” шарафини ҳимоя қилган.

Кеча, 7 октабрь куни Намангандаги “Марказий” ўйингоҳида Наманганнинг “Навбаҳор” клуби янги бош мураббийи Андрей Канчельскисни таништирув маросими ўтказилди.
 
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулла Бозоров жамоага янги бош мураббий Андрей Канчельскисни таништирган ва унга тўн кийдирилган.
 
Ҳозирча “Навбаҳор” клуби ва мураббий ўртасидаги келишувнинг бошқа жиҳатлари маълум эмас.
 
Норасмий хабарларга кўра, унга яна бир тажрибали мутахассис Игорь Беланов ёрдам бериши мумкин. Агар музокаралар муваффақиятли якунига етса, Беланов ҳам Наманган жамоасида иш бошлайди.
 
Шунингдек, аввалги бош мураббий Илҳом Мўминжоновнинг истеъфоси бўйича изоҳ берилмаган.
 
Айни вақтда “Навбаҳор” Ўзбекистон Суперлигасида иккинчи босқичда чемпионлик учун курашаётган жамоалар қаторида бўлиб, 21 очко билан учинчи ўринда жойлашган. Жамоа биринчи ўринда кетаётган “Локомотив”дан 6 очко, иккинчи ўриндаги “Пахтакор”дан эса 3 очко ортда бормоқда.
 
Маълумот учун, Андрей Канчельскис 1991-1995 йилларда “Манчестер Юнайтед” шарафини ҳимоя қилган. Мураббийлик фаолияти давомида “Торпедо ЗИЛ”, “Уфа”, “Волга НН”, “Юрмала” ва “Солярис” клубларини бошқарган.
Дилмуроджон Раҳимов

Теглар:Навбаҳор Андрей Канчельскис Манчестер Юнайтед Хайрулла Бозоров 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!