...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонуннинг аҳамияти нимада?


10:32, 11.01.2017 Жамият
 3 719

Мазкур қонун лойиҳаси 2019 йилдан кучга киради.

9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонуни имзолагани ҳақида хабар берган эдик. Қонун лойиҳаси 10 январь куни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида чоп этилди.
 
Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган ва 2016 йил 13 декабрда Сенат томонидан маъқулланган.
 
Қонун лойиҳаси 10 та боб ва 40 та моддадан иборат.
 
“Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонуннинг мақсади, асосий принциплари 1-бобдан жой олган.
 
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби ҳақида кейинги бобда батафсил маълумот келтирилган.
 
Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари Қонуннинг 3-бобида келтирилган. Уларнинг шахсий хавфсизлиги таъминланиши кафолатланган. Маъмурий қамоққа олинган шахсларга маъмурий қамоқ жазосини ўташ вақтида бир марта қариндошлари ёки бошқа шахслар билан давомийлиги 1 соатгача бўлган учрашувга рухсат берилади. Махсус қабулхона маъмуриятининг рухсати билан қўшимча учрашув вақтлари белгиланиши мумкин.
 
Маъмурий қамоққа олинган шахслар аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилишга ҳақлидирлар ва уларнинг мурожаатлари берилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай олувчиларга юборилади.
 
Қонуннинг 4-боби Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг моддий-маиший ва тиббий таъминотига бағишланган.
 
Махсус қабулхона маъмурияти ва ходимларининг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари Қонуннинг 5-бобида ўз аксини топган.
 
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш харажатларини ундириш ва уларни меҳнатга жалб этиш тартиби ҳақида кейинги бобда белгилаб берилган. Маъмурий қамоққа олинган шахслардан махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар суткасига энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида ундирилади. Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ёзма розилигига кўра улар ҳақ тўланадиган меҳнатга жалб этилади, меҳнатга қобилиятсиз шахслар бундан мустасно.
 
Қонуннинг 26-моддасида келтирилишича, маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхона хоналаридаги санитария-гигиена, маиший шароитларни яхшилаш, шунингдек, ички ишлар органи ёки махсус қабулхона ҳудудини ободонлаштириш билан боғлиқ бўлган, давомийлиги суткасига икки соатдан кўп бўлмаган ҳақ тўланмайдиган жисмоний ишларга ўз розилигига кўра жалб этилади.
 
Маъмурий қамоққа олинган шахсларга нисбатан қўлланиладиган рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари ҳақида 7-бобда маълумот келтирилган. Маъмурий қамоққа олинган, ички тартиб қоидаларига риоя этаётган ва меҳнатга виждонан муносабатда бўлаётган шахсларга ташаккур эълон қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйича телефон орқали лимитланган бир марталик қўшимча сўзлашув ҳуқуқини бериш, ҳар кунги сайр вақтини уч соатгача узайтириш каби рағбатлантириш чоралари кўрилади.
 
Ушбу Қонун талаблари ва ички тартиб қоидаларининг бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан огоҳлантириш эълон қилиш, телефон орқали навбатдаги сўзлашув ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки ҳақ тўланмайдиган жисмоний ишларга навбатдан ташқари жалб этиш каби жазо чоралари қўлланилиши мумкин.
 
Қонуннинг 8-боби жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш тартибига оид. Жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш маъмурий қамоққа олинган шахсларга азоб-уқубат етказилишига олиб бормаслиги, шунингдек шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи тазйиқлар билан амалга оширилмаслиги лозим. Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳамда бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига жисмоний куч ишлатиш ёки махсус воситаларни қўллаш натижасида зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида дарҳол прокурорга хабар қилинади.
 
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхоналардан озод қилиш тартиби кейинги бобдан жой олган.
 
10-бобда умумий қоидалар келтирилган бўлиб, махсус қабулхоналарни молиялаштириш, махсус қабулхоналар фаолиятини текшириш ва назорат қилиш каби тартиблар белгиланган.
 
Қонуннинг 38-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 6 майда қабул қилинган “Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш харажатларини ундириш тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 майда қабул қилинган “Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш харажатларини ундириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни амалга киритиш ҳақида”ги Қарорининг 1-банди ўз кучини йўқотган деб топилиши қайд этилди.
 
“Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 24 ой ўтгач, кучга киради.
Дурдона Расулова 

Теглар:Маъмурий қамоқ Маъмурий жазо Қонун Президент Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар