Мана буни футбол, ўз ўрнида қилинган қарор ва кутилаётган натижалар учун қилинган “кутилмаган йўқотиш” дейиш мумкин. Бизда-чи?
Бугун, жамоа аъзолари Париждан қайтиб келишган пайтда “Бавария” клуби раҳбарияти тезкор мажлис ўтказди ва унда италиялик 58 ёшли мутахассис ишдан бўшатилиши ҳақида қарор қилинганини эълон қилди.
Тахминларга қараганда, Анчелоттининг “Бавария”даги ўрнини унинг ассистенти Вилли Саньоль эгаллаши мумкин экан.
Эслатиб ўтамиз, “Бавария” кеча, 27 сентябрь куни ЕЧЛнинг 2-туридан ўрин олган ПСЖга қарши учрашувда майдонга тушиб, 0:3 ҳисобида имкониятни бой берганди.
Маълумот учун, Карло Анчелотти 2015 йилнинг 20 декабрь куни “Бавария” бошқарувини зиммасига олганди. Жамоа Анчелоттининг қўл остида ўтган мавсум Германия чемпионати ҳамда Германия кубогини қўлга киритган.
Шунингдек, Карло Анчелотти “Бавария”га келгунига қадар, “Ювентус”, “Милан”, “Челси”, ПСЖ ҳамда “Реал” Мадрид каби таниқли жамоаларда ишлаганди.
Буни қаранг, ҳали бошқарувига 2 йил тўлмаган тажрибали мураббийнинг хатоси, аниқроғи жамоанинг мағлубияти кечирилмади! Улар бу ҳақда узоқ ўйлаб, сўнг чўзиб юриб қарор қабул қилишгани йўқ...
Ишончимиз комил, шундай қарор қабул қилинишини Карло Анчелоттининг ўзи ҳам билган, унинг ўрнига тайёрлаб қўйилган мутахассис — Анчелоттининг ассистенти Вилли Саньоль ҳам билган!
Мана буни футбол, мана буни ўз ўрнида қилинган қарор ва кутилаётган натижалар учун қилинган “кутилмаган йўқотиш” дейдилар...
Агар шунга ўхшаш ҳолатлар бизда рўй берса-чи?
Бир ўйин натижаси у ёқда турсин, 2–3 та мавсум ўйинларига “имкон” берган бўлардик..!