Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди.
ТИВ Ахборот хизматининг хабарига кўра, вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти ва бутун туркман халқига йўллаган илиқ салом ва самимий эҳтиром сўзларини етказди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга 2017 йил 6-7 март кунлари амалга оширган давлат ташрифи ва олий даражадаги музокаралар давомида эришилган келишувлар руҳида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, икки давлат раҳбариятларининг сиёсий иродаси натижасида бугун давлатлараро алоқалар сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилиб, бу сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-комминикатсия, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли муносабатларни фаоллаштириш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, ҳозирда Туркманистон раислик қилаётган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш имконини берди.