Сулаймони Трампнинг Эрон президентига йўллаган таҳдидига жавоб беришни ўз бурчи деб ҳисоблаган.
Эрон ташқарисида махсус операцияларни амалга оширувчи “Қудс” бригадаси командири Сулаймони АҚШ президентига уруш бошламасликни маслаҳат берди. Негаки, бу расмий Вашингтон учун ҳалокатли бўлади.
“Биз сиз тасаввур қилмаган даражада яқинингиздамиз. Агар сиз уруш бошласангиз, биз уни тугатамиз”, деган Сулаймони.
Генерал-майор америкаликлар расмий Теҳрон қандай кучга эга экани ва нималарга қодирлигини билишларини таъкидлаган.
“Эрон АҚШдаги барча нарсани вайрон қила олади. Шунинг учун, сиз эрон халқи ва бизнинг президентимизни ҳақорат қилаётганда, эҳтиёткор бўлишингиз керак”, деб қўшимча қилган у.
Шунингдек, Сулаймони Трампнинг Эрон президентига йўллаган таҳдидига жавоб беришни ўз бурчи деб ҳисоблаган.
“Трампнинг таҳдидларига жавоб бериш менинг аскар сифатидаги бурчим. Агар у таҳдид билан муомала қилишни хоҳласа, мен билан гаплашсин, президент билан эмас”, деб таъкидлаган генерал-майор.
Сулаймони Трампнинг лексикаси тунги клублар ва кўнгилочар жойларга тўғри келишини қўшимча қилган.
Маълумот учун, АҚШ президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Эрон президенти Ҳасан Руҳонийга таҳдид қилганди.
Трамп Эрон ўзини тийиб олмаса, бутун тарихи давомида кўрмаган азоб-уқубатларга дучор бўлишини таъкидлаган ва эҳтиёт бўлишга чақирган.