“Манчестер Юнайтед” раҳбариятига Зидан варианти маъқул келмаяпти.
МЮ катта эҳтимол билан “Тоттенҳэм” устози Маурисио Почеттинони бош мураббий лавозимига таклиф этилиши мумкин. Бу ҳақда “Bleacherreport.com” интернет нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Почеттино манкунианликлар раҳбарияти рўйхатида турган мураббийлар ичида энг биринчи навбатда эътибор қаратиладиган номзод саналади. Анчадан буён бу лавозимга энг асосий даъвогар сифатида кўриб келинган франциялик мутахассис Зайниддин Зиданнинг МЮ устози ролига мослиги клуб раҳбариятининг бир қатор вакилларида шубҳа уйғотмоқда, дея қўшимча қилинган манбада.
Маълумот учун, 46 ёшли Почеттино 2014 йил майидан буён “Тоттенҳэм”ни бошқариб келмоқда. Лондон клуби Премьер-лигада 7 турдан сўнг 5 ғалаба ва 2 мағлубият билан 4-ўринда бормоқда.
“Қизил иблислар” ҳозирда АПЛда 10-ўринни эгаллаб туришибди. 6 октябрь куни Жозе Моуринью жамоаси “Ньюкасл”ни қабул қилади. Ушбу учрашув португалиялик мураббий учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Зайниддин Зидан Англия клубини бошқаришни истагида эканини маълум қилганди.