Н.Темировага нисбатан 2017 йил 25 ноябрь куни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Темировага нисбатан очилган жиноий иш бўйича бошланган суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Н.Темировага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра, 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баробари миқдорида жарима ва 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
– Айтиб ўтиш керакки, Н.Темирова Жиноят кодексининг бир неча моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этгани учун судланди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди судьяси Болат Султонов.
– Жумладан, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишга оид жиноятни жуда кўп миқдорда фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишни жуда кўп миқдорда содир этиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, мансаб сохтакорлиги, пора бериш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш, ёлғон гувоҳлик бериш каби жиноятларни ҳам содир этганликда айбдор, деб топилди.
Тошкент юридик коллежида иш юритувчи котиб ҳамда кадрлар бўлими инспектори бўлиб ишлаган Абдулазиз Салимжонов фирибгарлик, пора бериш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятларга алоқадорлиги сабабли судланди. Суд жараёнида унга қўйилган айблар ҳам исботини топди. Унга Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра, 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 310 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент юридик коллежи ўқувчилари дарс вақтида коллеж ҳовлисида ўзаро жанжаллашиб, пичоқбозлик қилиши оқибатида уларнинг бири вафот этгани, бири эса оғир тан жароҳати олгани кўпчиликнинг қалбини ларзага солган эди.
Президенти ҳам бу воқеага эътибор қаратиб, коллеж собиқ директори Темирова ушбу ҳолатга йўл қўйгани ҳамда жуда кўп миқдорда коллеж маблағларини ўзлаштириш, мансабини суиистеъмол қилиш каби жиноятларни содир этгани учун бугун қонун олдида жавоб беряпти, деб қайд этган.
Ҳақиқатан ҳам содир бўлган мудҳиш воқеадан кейин Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур коллежда текшириш ўтказилгани натижасида бу ўқув масканида бошқа жиноятлар содир бўлаётгани ҳам аниқланган ва жиноят иши қўзғатилган эди.
Н.Темировага нисбатан 2017 йил 25 ноябрь куни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Мазкур жиноят иши бўйича жазо тайинлашда суд қонунчиликда назарда тутилган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига асосланди.