Четдан келтириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга нисбатан қўлланиладиган акциз солиғи ставкаларида бир қатор ўзгартиришлар амалга оширилди.
Масалан, буғдой уни учун товарнинг божхона қийматидан 11 % миқдорида ундириб келинган акциз солиғи эндиликда 5 %ни ташкил қилади, дея хабар берди Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.
Кунгабоқар ёғи, сафлор (махсар) ёғи ва уларнинг фракциялари учун бу кўрсаткич илгари 20 % ни ташкил қилган бўлса, ҳозирда 10 % га (бироқ 1 кг учун 0,16 АҚШ долларидан кам эмас) камайтирилди.
Тайёр ёки консерваланган, уксус ёки уксус кислотаси қўшилмаган, музлатилмаган бошқа сабзавотлар (Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасидаги 2006 товар позицияси маҳсулотларидан ташқари) учун акциз солиғи 50 % дан 10 % га, мева ва сабзавот шарбатлари (ананас ва цитрус шарбатларидан ташқари) учун эса 70 % дан 30 % гача (лекин 1 л. 0,50 АҚШ долларидан кам эмас) туширилди.
Шунингдек, соуслар тайёрлаш учун маҳсулотлар ва тайёр соуслар; таъм берувчи қўшимчалар ва аралаш зираворлар; хантал кукуни ва тайёр хантал (горчица) учун акциз солиқлари ҳам сезиларли равишда, яъни 70 %дан 25 % гача туширилди.
Энг муҳим янгиликлардан яна бири, двигателининг ҳажми 2 800 куб. см.дан кўп бўлмаган янги юк ташиш автомобиллари учун акциз солиғи эндиликда 30 % (муқаддам 70 % эди) қилиб белгиланди.
Бундан ташқари, соя ёғи ва унинг фракциялари, макарон маҳсулотлари, айрим турдаги полиэтилен, тунука ва ёғочдан тайёрланган маҳсулотлар учун акциз солиғи бутунлай бекор қилинди.