Иқтисодиёт вазирлиги 97 турдаги маҳсулотларни импорт божидан ва 36 турдаги маҳсулотларни акциз солиғидан озод этиш бўйича қарор лойиҳасини тақдим этди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Президент қарори лойиҳаси муҳокама учун Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Янги қарор лойиҳасида 97 турдаги маҳсулот гуруҳига янги импорт божлари ставкаси ҳамда 36 турдаги маҳсулот гуруҳига нол ставкадаги акциз солиғи жорий қилиш таклиф қилинган.
Давлат божи ставкаларини қайта кўриб чиқиш аҳолининг истеъмол эҳтиёжини қондириш, ички бозорда нархларнинг асоссиз ўсишини олдини олиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун эҳтиёт қисмлар ва хом-ашёни импорт қилишда қулай муҳит яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Қарор лойиҳасида нефть ва нефть маҳсулотлари, қорамол, мол гўшти, балиқ маҳсулотлари, сут, картошка, бошоқли маҳсулотларга давлат божидан озод этилиши таклиф қилинган.
Импорт қилинадиган автомобилларга давлат божи ставкаси ўзгаришсиз қолдирилган.
Аввалроқ, 12 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш чоралари тўғрисида”ги қарори асосида 15 сентябрдан шакар маҳсулотлари давлат божидан озод этилгани ҳақида хабар берган эдик.