Жабрланганларни олиб келиш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг махсус самолёти орқали мутахассислар юборилади.
Сўнгги маълумотларга кўра, ЙТҲга учраган автобусда (дастлабки маълумотда 55 нафар) 56 нафар Ўзбекистон фуқаролари ва 2 нафар қозоғистонлик ҳайдовчилар бўлгани айтилмоқда. Содир бўлган ЙТҲ натижасида 19 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Сўнгра Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги консули Тоҳир Арипов Москвадан Владимир вилоятига содир бўлган ЙТҲ жойига йўл олгани хабар қилинди.
ТИВ баёнотига кўра, ушбу воқеа иштирокчиларига жойида ёрдан кўрсатиш ҳамда шахсини аниқлаш мақсадида Владимир вилоятига Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчиси Баҳром Ашрафхонов бошчилигидаги элчихона ходимларидан иборат гуруҳ юборилган.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати қарорига кўра, Владимир вилоятига ёрдам кўрсатиш ва жабрланганларни олиб келиш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг махсус самолёти орқали мутахассислар юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Фақулотда вазиятлар вазирлигининг таҳририятимизга юборган маълумотига кўра, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ТИВ ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг мутасадди ходимлари ЙТҲ оқибатида вафот этган ва жабрланган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисидаги маълумотни аниқлаштириш ҳамда уларга ёрдам бериш юзасидан барча амалиётлар бажарилаётганини маълум қилган.
Ҳозирча Владимир вилояти расмийлари ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганларнинг шахси эртага аниқлаштирилиши ва маълум қилинишини билдирди.
Бунинг учун уларнинг қариндошлари, таниш-билишлари Владимир вилоятига чақиртирилади. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлган йўловчилар муқаддам Россиянинг турли шаҳарларида вақтинча яшаб, ишлаб келган ўзбекистонлик фуқаролар бўлган.