Турсуной Содиқова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими фахрий унвони, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганди.
“Азизлар, халқимиз бугун яна бир буюк кишисидан айрилди. Шоира, ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ҳожи она Турсуной Содиқова оламдан ўтдилар. Яратган у кишини ўз раҳматига олсин, камчилик-нуқсонларини мағфират қилсин, яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин!”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, шиора, адиба, воиз Турсуной Содиқова 1944 йили Андижон шаҳрида туғилган. Дастлаб Тошкент шаҳридаги 82-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган. 1966 йили Тошкент Давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. 1996 – 1978 йилларда Андижон шаҳридаги 15-мактабда, 1978 – 1993 йилларда Андижон Тиллар Педагогика институти ва Андижон Давлат унивеситетида дарс берган.
1991 – 1995 йиллар давомида Андижон вилоят Хотин-қизлар қўмитасида раҳбарлик қилган.
1993 – 2003 йилларда Республика Маънавият ва маърифат марказида бўлим мудираси лавозимида ишлаган.
Шу кунгача Турсуной Содиқованинг “Излай-излай топганим”, “Меҳр қолур”, “Ҳазрати аёл”, “Ўғлим, қизим, сенга айтаман”, “Ризолик излаб”, “Яшаш тилсими”, “Атиргул иси”, “Аёлга қасида”, “Дилдаги дур”, “Бахт қаерда?”, “Қуёшларим, ойларим” каби ўнлаб китоблари чоп этилган.
2009 йилда Хитойда уйғур тилига ўгирилган сайланмаси нашр этилган.
Турсуной Содиқова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими фахрий унвони, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
2 қиз ва 1 ўғилнинг онаси, ўнлаб набираларнинг бувиси эди.
Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан Турсуной Содиқованинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз.